Жаҳон | 09:12 / 28.08.2023
5414
3 дақиқада ўқилади

Украина 2024 йилнинг баҳорида F-16’дан фойдаланишни бошлаши мумкин

Учувчиларни тайёрлаш ва инфратузилмани қуриш учун зарур бўлган вақт ҳисобга олинса, Украина 2024 йилнинг баҳорида F-16’дан фойдаланишни бошлаши мумкин. 

Фото: Duncan C. Bevan/ZUMA Wire/picture alliance

Ғарбнинг F-16 қирувчи самолётлари Украинада 2024 йил баҳорида пайдо бўлиши мумкин, дея маълум қилди Украина мудофаа вазири Алексий Резников 27 август, якшанба куни Германиянинг Bild нашрига берган интервюсида.

«Бу (F-16’нинг фронтда пайдо бўлиши) келаси йилнинг баҳорида содир бўлиши мумкин, чунки биз учувчилар, муҳандис ва техникларимиз учун ўқув курсларини бошладик», — деди Резников. Унинг таъкидлашича, Украинада самолётлардан фойдаланиш учун инфратузилмани тайёрлаш керак. «Бунинг учун камида олти ой керак, балки бироз кўпроқ вақт кетади», - дея хулоса қилди Резников. 

Қирувчи самолётларнинг келажакда фронтда пайдо бўлиши урушда «ўйин қоидаларини ўзгартириши» мумкин, деди вазир. «Биз Россиянинг осмонда, жанг майдонидан ташқаридаги ҳукмронлигига барҳам беришимиз керак. F-16 самолётлари ҳаво мудофаасининг бир қисмига айланади. Биз ҳаво ҳудудини, яъни шаҳарларимизни ҳимоя қилиш учун осмонда имкониятларимизни кучайтира оламиз. Биз учун бу катта ютуқ бўлади», - деб тушунтирди у. 

Игнат: F-16 УҚКда мавжуд бўлган самолётлардан уч баравар самаралироқ 

Украинага самолётлар етказиб бериш мажбуриятини Дания, Нидерландия ва Норвегия олди, бир қатор бошқа давлатлар учувчилар ва техникларни зарурий тайёрлашга ҳисса қўшиш ниятида, дея эслатади dpa агентлиги. Украина қабул қиладиган қирувчиларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум. 

УҚК Ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат DW нашрига берган интервюсида F-16’ни олгандан кейин жанг майдонида вазият ўзгаришини тахмин қилди. «Агар бизда етарли миқдорда F-16 бўлса, у ҳолда биз ҳаво устунлигига эриша оламиз ва қуруқликдаги нишонларга зарба бериш орқали қуруқликдаги қўшинларни олға силжитишимиз мумкин. F-16 ҳозирда мавжуд бўлган самолётларга қараганда уч баробар самаралироқ, аниқроқ ва учувчилар учун хавфсизроқ бўлади», - деди DW’га Игнат. 

Мавзуга оид