Жаҳон | 09:26 / 29.08.2023
10200
3 дақиқада ўқилади

Латушко: Минск «Вагнер» жангчиларига янги паспортлар беряпти

Беларус мухолифати етакчиларидан бири Павел Латушконинг сўзларига кўра, ХҲК жангчилари маълумотлари ўзгартирилган паспортларни бир ойдан бери олмоқда. Латушко қанча одам янги ҳужжатлар олганига аниқлик киритмади.

Фото: Alexander Nemenov/AFP/Getty Images

Беларус ҳукумати «Вагнер» жангчиларига исм ва фамилиялари ўзгартирилган янги паспортлар беряпти. Бу ҳақда 28 август, душанба куни Полшанинг PAP агентлигига берган интервюсида Беларус мухолифати етакчиларидан бири Павел Латушко ўз манбаларига таяниб айтиб ўтди

Паспортлар бир ойдан бери бериляпти

Унинг айтишича, бу амалиёт бир ойдан бери давом этмоқда ва у бу қўпорувчилик ва терактлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Латушко сўзларига кўра, у қанча паспорт бериб бўлингани ҳақида маълумотга эга эмас. «Биз тасдиқлаган маълумотларга кўра, вагнерчилар Беларус паспортларини, ҳақиқий ҳужжатларни оляпти, лекин, албатта, бошқа номларда. Шунинг учун улар Европа Иттифоқи ҳудудига чегара пунктлари орқали кириши мумкин», деди беларуслик мухолифатчи. 

Унга кўра, Беларусда бир неча минг ХҲК жангчилари қолмоқда, мамлакат раҳбари Александр Лукашенко эса уларнинг катта сонини таъминлаш учун етарли молиявий ресурсларга эга эмас. Шу боис, уларнинг бир қисми Африкага кетади, иккинчиси Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузади, қолганлари эса ё бўшайди ёки Беларусда қолади, деди Латушко. 

Унинг сўзларига кўра, бир неча юзлаб «Вагнер» ХҲК жангчилари Беларус Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган. «Вариант сифатида улар Беларус қуролли кучларининг махсус операциялар кучлари таркибида қолади ва келажакда чегарада муаммолар яратиш учун ишлатилиши мумкин», деб ҳисоблайди беларуслик сиёсатчи. 

Европа Иттифоқи давлатлари Беларусдан узоқлашмоқда

Айни пайтда, Беларус билан чегарадош Европа Иттифоқи давлатлари умумий чегарадаги чегара ўтиш жойларини ёпмоқда ва чегара ҳудудларида қўшинлар гуруҳларини кучайтирмоқда. Хусусан, Литва август ойида олтита йўл-назорат пунктидан иккитасини ёпди. Шу тариқа, давлатлар Беларусда хусусий ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожиннинг муваффақиятсиз исёнидан сўнг у ерга келган кўп сонли «Вагнер» жангчилари борлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан чоралар кўрмоқда. 

Пригожиннинг 23 август куни Твер вилояти узра самолёт қулаши пайтида ҳалок бўлиши Полша ва Болтиқбўйи давлатларининг режаларига таъсир қилмайди, деди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий. 

Мавзуга оид