23 август куни Евгений Пригожиннинг хусусий самолёти Твер областида ҳалокатга учради. Натижада бортда бўлган 10 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Росавиация бортдагилар рўйхатида «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин, унинг командири Дмитрий Уткин, яна беш нафар вагнерчи ҳамда экипажнинг уч аъзоси келтирилганини маълум қилган. РФ тергов қўмитаси 27 август кунига келиб ҳалокат жойида топилган 10 кишининг қолдиқлари парвоз рўйхатида кўрсатилган одамларга тўғри келишини маълум қилди. BBC рус хизмати, «Медуза» ва «Досье» маркази қулаган бизнес-жет бортида бўлган одамлар ҳақида маълумот тўплади.

Дмитрий Уткин

Вагнер чақирув белгисига эга бўлган Дмитрий Уткин ёлланма жангчиларнинг амалиётларида 2013 йилдан иштирок эта бошлаган. Бунга қадар, «Новая газета» нашри маълумотига кўра, у Россия мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГРУ) махсус вазифали бўлинмасининг (спецназ) Псковдаги 2-алоҳида бригадаси 700-алоҳида вазифалар бажарувчи отрядига командирлик қилган. Ўзининг «Вагнер» лақабини Уткин Учинчи рейх мафкурасига симпатияси туфайли танлагани айтилади (чунки Ҳитлернинг севимли композитори Рихард Вагнернинг «Валкириялар парвози» композициясини жуда севарди), у бу чақирув белгисини Бош разведка бошқармасининг махсус хизматида лейтенант бўлиб хизмат қилаётган чоғларидаёқ олган. Уткин билан таниш бўлганлар ҳам журналистларга ундаги нацистик қарашлар ҳақида айтиб беришган.

Армиядан истеъфога чиққач, истеъфодаги подполковник жаҳон океанининг қароқчилар хавфи бўлган ҳудудларида денгиз кемаларини қўриқлаш билан шуғуллантирувчи кадрлар тўпловчи Moran Security Group’га ишга кирди. Бунгача Уткин икки марта Россия савдо кемаларини кузатиб бориш учун Африканинг сувли ҳудудларига хизмат сафарига бориб келади. Кейинроқ унга қуруқликда ҳам ўз малакаси бўйича иш топилди.

2013 йил кузида Уткин бошқа собиқ ҳарбийлар билан бирга Россиянинг «Славян корпуси» ёлланма жангчилар гуруҳи таркибида президент Башар Асад томонида туриб жангларда иштирок этиш учун Сурияга йўл олади. 2013 йил октябрида у ҳам таркибида бўлган колонна Ҳумс вилоятидаги Ас-Саҳна шаҳри яқинида пистирмага дуч келади ва базўр омон қолади, кейинроқ бутун корпус Москвага қайтарилади. «Славян корпуси» раҳбарлари Вадим Гусев ва Евгений Сидоровга нисбатан РФ ЖКнинг 359-моддаси («Одамларни жанг учун ёллаш») бўйича жиноят иши қўзғатилиб, уч йилга қамалади. Қолганлар, жумладан, Дмитрий Уткин ҳам профилактик суҳбатлар билан қутулиб қолишади.