Жаҳон | 09:40 / 29.08.2023
5964
2 дақиқада ўқилади

Украина мудофаа вазири коррупцияга оид янги айбловларни рад этди

Украина матбуоти Мудофаа вазирлиги қишки формаларни турк фирмасидан оширилган нархда сотиб олганини хабар қилди. Вазир Олексий Резников бунга жавобан жамоатчиликни адашмасликка чақирди.

Фото: Boris Roessler / dpa / Global Look Press

Украина мудофаа вазири Олексий Резников ўз идорасига қўйилган коррупцияга оид янги айбловларни рад этди. Мудофаа вазирлиги раҳбари 28 август, душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида қишки кийим-кечакларнинг оширилган нархларда харид қилиниши ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, «ахборотга танқидийроқ ва масъулият билан ёндашишга» чақирди.

Аввалроқ Украинанинг бир қатор оммавий ахборот воситалари Украина Мудофаа вазирлиги 2022 йил охирида Туркия компанияси билан ҳарбий хизматчилар учун қишки кийим-кечак етказиб бериш бўйича шартнома имзолагани, бироқ Украинага йўлда партиянинг нархи уч баробарга ошгани ҳақида ёзган эди. ОАВ маълумотларига кўра, турк ширкати эгаларидан бири ҳукмрон «Халқ хизматкори» партиясидан депутат Геннадий Касайнинг жияни Александр Касай ҳисобланади.

Резников фикрича, бундай маълумотларнинг тарқалиши «жамиятни чалғитади» ва Украина обрўсини шериклари олдида тушириб юбориши мумкин. Шартнома «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ва тендер тартибида тузилган, деди вазир.

Украина армияси атрофидаги коррупция можароси

Январь ойида Украинадаги бир неча юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ҳарбий хизматчилар учун супермаркетлардагидан 2-3 баравар қиммат нархларда озиқ-овқат харид қилиниши юзасидан журналистик текширувдан сўнг ўз лавозимларидан четлаштирилди. Ўшанда Резников коррупцияга қарши кураш идоралари фаолиятидаги «муваффақиятсизлик»ни тан олди.

Август ойи бошида Украина президенти Володимир Зеленский қуролли кучлар сафига чақирув бўйича масъул бўлган барча вилоят ҳарбий комиссарларини ишдан бўшатган эди. Бу ҳарбий хизматга чақирилмаслик учун ҳарбийларга пора бериш ҳақидаги маълумотлардан кейин содир бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид