Олексий Резников Украина мудофаа вазири лавозимини тарк этди. Бу ҳақда урушнинг 557-куни якунлари бўйича йўллаган видеомурожаатида украинлар етакчиси Володимир Зеленский маълум қилди. «Мудофаа вазирлигига янгича ёндашув, янгича қараш керак деб ўйлайман. Ҳам ҳарбийлар, ҳам одамлар билан мулоқотда», — деган Украина президенти. 2021 йил ноябридан буён вазирликка раҳбарлик қилиб келган Резников 4 сентябр тонгида истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди. «Украин халқига хизмат қилиш ва сўнгги 22 ой — Украинанинг замонавий тарихидаги энг оғир даврда Украина армияси учун ишлаш шараф бўлди», — деган у. Мудофаа вазири лавозимидаги асосий ютуқларидан бири сифатида Резников Киевнинг ғарбдаги иттифоқчилари фикридаги парадигма ўзгаришини келтирди.

У босқин бошланишидан бир неча ҳафта олдин Вашингтонга келганида ва Украинага Россия авиациясига қарши туриш учун кўчма Stinger зенит-ракета комплексларини сўраганда, унга шундай жавоб қайтаришганди: «Йўқ, Олексий, бу имконсиз».
Бир ярим йил ўтиб эса украинларнинг юришида ғарбнинг замонавий танклари ҳам қатнашмоқда, Украина қуролли кучларига замонавий қирувчи самолётлар берилиши — фақат вақт масаласи.
Шу билан бирга, сўнгги вақтларда президент Зеленскийнинг атрофидагилар мудофаа вазирлигини айнан шу масалада кўп танқид қилмоқда: Украинага ғарб қуроллари етказиб бериш тизими охиригача тўғри йўлга қўйилмаган ва бунда фақатгина Ғарб айбдор эмас. Резников ва Украина президенти офиси ўртасидаги муносабатларда, афтидан, сўнгги бир ярим йил ичида бир-биридан чарчаш юзага келган. Асл касби ҳуқуқшунос бўлган Резников анча олдинроқ Адлия вазирлигидаги ўзи учун тушунарли бўлган бошқа лавозимга кетиш истагини билдирган.
Рустем Умеров янги мудофаа вазири бўлиши кутилмоқда. Унинг номзоди Зеленский томонидан таклиф этилган. Умеровнинг ўзи ҳам Давлат мулклари фонди раҳбарлигидан бўшаш учун ариза ёзган. Олий раданинг навбатдаги ялпи мажлисида бу масала кўриб чиқилади. Умеров — келиб чиқишига кўра қримтатар бўлган украин бизнесмени ҳисобланади. У «Қримтатарлар жамияти» асосчиларидан бири, шунингдек, қримтатар халқи етакчиси Мустафо Жемилевнинг маслаҳатчиси бўлган. 2019 -2022 йилларда Умеров «Голос» фракциясидан Олий рада депутати бўлган, кейин Давлат мулклари фондини бошқара бошлаган.
«Бабел» манбасининг қайд этишича, Умеров ғалла келишувини ишлаб чиқишда иштирок этган, шунингдек, асирлар алмашинуви билан шуғулланган. 2022 йил баҳорида ушбу мулозим Россия билан Беларус ва Туркияда ўтган тинчлик музокараларида Украина делегацияси таркибида бўлган. «Агентство» хабарига кўра, 2022 йил мартида Умеров заҳарланган ва вақтинча делегация аъзолари сафини тарк этишга мажбур бўлган.

















