Ижтимоий тармоқларда Озарбойжон ҳарбий колоннаси Арманистон билан чегарага, Зангезур коридори томон кетаётгани айтилган видео тарқалди.

Арманистон ҳукуматининг 7 август, пайшанба кунги йиғилишида бош вазир Никол Пашинян минтақадаги “ҳарбий-сиёсий вазият кескин ёмонлашгани”ни айтди.

“Бунинг сабаби, охирги кунларда Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ва Арманистон чегарасига туташув чизиқларида қўшин тўпламоқда. Аксиларман риторикаси кучайди. Арманистоннинг суверен ҳудудларига даъво қилувчи сиёсат давом этяпти”, – деди Пашинян. У халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик кенгашини минтақада “янги портлаш” бўлишининг олдини олиш учун жиддий чоралар кўришга чақирди.

Бунга жавобан Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Пашиняннинг сўзларини “сиёсий манипуляция” деб атади.

“Озарбойжон минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятни кескинлаштираётгани ва ҳудудда кучларни тўплаётгани ҳақидаги айблов Арманистон томонининг навбатдаги сохта сиёсий манипуляциясидир”, – дейилади расмий Бокунинг муносабатида. Озарбойжон томони Қорабоғ яқинига ҳарбий қисмлар кўчирилаётганини рад этмаяпти, бироқ буни ўқув-машғулотлари билан изоҳламоқда.

Август ойи охиридан буён ҳар икки томон бир-бирини ўт очишда айблаб келаётган эди. Хусусан, Арманистон Мудофаа вазирлигига кўра, 1 сентябр куни Арманистоннинг Сотк қишлоғида рўй берган тўқнашувда 4 нафар арман ҳарбийси ҳалок бўлган. Бугун, 8 сентябр куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги арман ҳарбийлари озарларнинг Нахчивандаги позициясини ўқотар қурол билан ўққа тутгани ва бунга жавоб чоралари кўрилганини маълум қилди. Бундан ташқари, вазирлик Арманистон ҳарбийлари томонидан Россия тинчликпарвар контингенти жойлашган ҳудудда Озарбойжоннинг Агдам вилоятидаги озар позицияларига яқинлашиш мақсадида янги хандақлар қазишга уриниш бўлганини қайд этган.

Айни пайтда, халқаро нашрларда Бокудан Исроилнинг Овда аэродромига парвозлар фаоллашгани, 15 августдан 5 сентябргача Озарбойжоннинг Silk Way авиакомпанияси Овда авиабазасига 5 та рейсни амалга оширгани хабар қилинмоқда. Аввалроқ Исроилнинг Haaretz нашри ўз суриштирувига асосланиб Овда портлашдан хавфли юкларни ташишга рухсат берилган Исроилдаги ягона аэродром экани, ҳарбий мақсадлардаги товарлар экспорти айнан шу ердан амалга оширилишини хабар қилган. Бошқа нашрлар 2016 йилдан буён Silk Way авиакомпаниясининг юк самолётлари Овда аэропортига қарийб 100 марта қўнганини аниқлаган. Стокҳолм тинчлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, 2016-2020 йилларда Озарбойжон хориждан сотиб олган қурол-яроғларнинг 69 фоизини Исроил етказиб берган.

Мавжуд кескинлик фонида, 6 сентябрда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилди. Шу куни Алиевнинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу қабулида бўлди.