Жаҳон | 16:45 / 08.09.2023
13280
5 дақиқада ўқилади

Руминия ҳудудида Россия дрони парчалари топилди

Расмий Бухарест бу маълумотни тан олди. Маҳаллий расмийлар аввалроқ нега буни рад этганди?

Фото: HTTPS://WWW.FACEBOOK.COM/OLEG.NIKOLENKO.50

Руминия мудофаа вазири Анжел Тилвер мамлакатнинг Тулча уезди Плауру туманидан Россияга тегишли экани тахмин қилинаётган дрон парчалари топилганини тасдиқлади. Бу ҳудуд Руминиянинг Украина билан чегарасида, Одесса области Измайил шаҳри яқинида жойлашган. Бу баёнотдан икки кун аввал Руминия мудофаа вазирлиги бу маълумотни рад этганди.

«Биз жуда катта ҳудудни текширдик, кўпчилик муҳокама қилаётган ерларни ҳам. Мен дрон парчалари бўлиши тахмин қилинаётган бўлакларни топганимизни тасдиқлайман», деган Руминия мудофаа вазири маҳаллий телеканал эфиридаги чиқишида. Вазир топилган бўлаклар нимага тегишли эканини аниқлаш мақсадида текширилишини айтди.

Руминия президенти Клаус Йоханнис агар топилган бўлаклар Россия дронига тегишли экани исботланса, бу Руминия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини жиддий тарзда бузиш сифатида қабул қилинишини айтди. Қизиғи, икки кун аввал руминиялик сиёсатчилар бошқача баёнотлар беришганди.

Россия дрони бўлаклари Руминия ҳудудига тушгани ҳақида 4 сентябрдаёқ маълум бўлганди. Бу борада видеолар тарқалгач, Украина ташқи ишлар вазирлиги спикери Олег Николенко мамлакат чегара хизматига таяниб расман хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Руминия ҳудудига нафақат русларнинг дрони парчалари қулаган, балки унинг жанговар қисми портлаган ҳам.

Бу хабардан кўп ўтмай Руминия мудофаа вазирлиги Россия дрони мамлакат ҳудудида портлаганини рад этиб чиқди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба эса Киевда руслар дрони Руминия ҳудудида портлаганини исботловчи далиллар борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, русларнинг Дунай дарёсидаги портлар инфратузилмаси бўйлаб амалга оширилган ҳаво ҳужуми вақтида дронлардан бири айнан Руминия ҳудудида портлаган.

Украина ТИВ баёнотидан кейин ҳам Руминия президенти кейинги кун руслар дрони мамлакат ҳудудида қулаганини яна бир бор рад этиб чиқди. Президент Клаус Йоханнис, хусусан «Ҳеч бир дрон, ҳеч қандай предмет ва ҳеч қандай қурилма бўлаги Руминия ҳудудига қулагани йўқ. Биз ўз миллий кенгликларимизни тўлиқ назорат қиляпмиз», деди.

BBC ҳарбий таҳлилчиси Иля Абишев Руминия томони мамлакат ҳудудига дрон қулаганини нега икки кун ўтиб тан олганини таҳлил қилди

Воқеа содир бўлганидан кўп ўтмай Киевдагилар нафақат дрон парчалари Руминия ҳудудига қулагани, балки унинг жанговар қисми қўшни давлат ҳудудида портлаганини хабар қилиб чиқишди.

«Украина чегара хизмати маълумотига кўра, Россиянинг Измайил портига уюштирган дрон ҳужуми вақтида Shahed учувчисиз қурилмаларидан бири Руминия ҳудудига қулаб, портлаган», деб ёзди 4 сентябр куни Украина ТИВ расмий вакили Олег Николенко.

Украина пабликларида портлаш акс этган видеолар тарқалди. Аммо видеолардан портлаш айнан қаерда бўлганини аниқлаш имконсиз. Чунки кадрлар тунда олинган, уларда катта дарё портлаш сабаб ялтираб кетганини кўриш мумкин, холос.

Бу Россиянинг Измайил бўйлаб уюштирган биринчи ҳужуми эмас. Бу Дунай соҳилида жойлашган муҳим порт шаҳар. Украинанинг Руминия билан чегараси айнан шу дарё орқали ўтади. Яъни Россия ҳар сафар бу шаҳарга ҳужум қилганда нишонлар НАТОга аъзо давлат чегарасида портлатилади.

Агар видеолар чиндан Измайил томондан туриб олинган бўлса, портлаш нариги соҳилда, яъни Руминия ҳудудида рўй бергани ойдинлашади. Бу портлаш руслар дронининг жанговар қисми детонацияга учрашидан келиб чиққанми? Эроннинг Shahed камикадзе-дронлари русча «Геран» номи билан чиқмоқда ва улар уриб туширилган тақдирда ҳам ерга тушгач портлайди.

Руминия томони икки кун давомида руслар дрони ўз ҳудудида портлаганини рад этди, лекин кейин охир-оқибат бу фактни тан олди. Руминия мудофаа вазири баёнотида фақат мамлакат ҳудудига қулаган бўлаклар ҳақида гапирилган, портлаш ҳақида эмас.

Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳарбий дрон НАТОга аъзо давлат ҳудудига қулаганининг ўзи жиддий воқеа ҳисобланади. Бу Ғарб ҳарбий блоки чора кўриши керак бўлган даражадаги жиддий ҳодиса. Агар Руминия ўз ҳудудига фақат дрон парчалари қулагани ҳақида эмас, бутун бошли учувчисиз қурилма портлатилгани ҳақида хабар берганида, балки НАТОнинг жавоби кескинроқ бўларди.

Мавзуга оид