Спорт мактаблари ўқувчи-спортчиларининг овқатланишига қўйиладиган гигиеник талаблар Адлия вазирлигида ҳисобга олинди.
Гигиеник талабларга кўра, ўқувчи-спортчилар учун озиқ-овқат рациони қуйидаги асосий гигиеник талабларга жавоб бериши керак:
рационнинг кунлик калория миқдори спортчининг энергия сарфларига мос келиши;
рационнинг кимёвий таркиби, калория миқдори ва ҳажми спорт турини ҳамда тайёргарлик даврини ҳисобга олган ҳолда ўқувчи-спортчи организмининг эҳтиёжлари ва хусусиятларига мос келиши;
озиқ-овқат таркибидаги оқсиллар, ёғлар ва углеводлар баланслашган бўлиши, уларнинг миқдори спорт турини ва машғулот жараёнининг интенсивлигини ҳисобга олган нисбатларда бўлиши;
кундалик рационда ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларининг кенг ассортименти бўлиши;
озиқ-овқат зарарсиз (заҳарли моддалар ва патоген бактерияларни ўз ичига олмаган ҳолда) бўлиши.
Гигиеник талаблар билан спорт турлари билан шуғулланувчи ўқувчи-спортчилар учун кунлик талаб этиладиган калория ва асосий озуқавий моддалар (оқсил, ёғ ва углеводлар), кунлик витамин ва минерал моддалар миқдорлари белгиланмоқда.
Гигиеник талабларда ўқувчи-спортчилар учун рационни тузишда маҳсулотларга ишлов бериш усули, ошқозонда озуқавий моддаларни ҳазм қилиш вақти, уларнинг ичакларда ҳаракатланиш тезлиги ва маҳсулотларнинг организмда сўрилиши ҳисобга олиниши шартлиги назарда тутилмоқда.











