Ўзбекистон | 17:01 / 12.09.2023
11661
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 18 метрли автобуснинг “гармошка” қисми шикастланди

Бунга ҳаракат вақтида автобуснинг ғилдираклари қудуққа тушиб кетгани сабаб бўлган. Қудуқ қопқоғи транспортнинг “гармошка” қисмига техник шикаст етказган.  

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тармоқларда Тошкентдаги 18 метрли “гармошка” автобусининг уланган қисми шикастлангани акс этган суратлар тарқалди. Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг маълум қилишича, воқеа 11 сентябрь куни соат 21:35 ларда содир бўлган.

“12-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги King Long русумли 131-сонли автобус Янгиҳаёт тумани, Сергели 1-мавзеси, Изумруд ресторани қаршисида ҳаракатланиб келаётган бўлган. Йўлнинг қатнов қисмида жойлашган қудуқнинг атрофи чўкиши оқибатида чуқурлик ҳосил бўлган ва автобуснинг ўрта ғилдираклари қудуққа тушиб кетган. Оқибатда маҳкамланган қудуқ қопқоғи автобуснинг уланган таг ва ўрта қисми(гармошка)га шикаст етказган.

“Тошшаҳартрансхизмат”га кўра, ҳодиса сабаб автобусдаги йўловчиларга зарар етмагани маълум қилинди. Автобус эса техник шикастланган. Ҳозирда ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, автобусларнинг ЙТҲга учраётгани янгилик эмас. Шу йилнинг 7 сентябрида ҳам пойтахтнинг Бектемир туманида ҳаракатланиб кетаётган электробус автомобилларнинг халал бергани сабаб бетон устунга урилгани, оқибатда унинг ичидаги 6 нафар инсон жароҳатлангани хабар қилинганди.

Аввалроқ Kun.uz бу бўйича рақамларни ҳам эълон қилганди. Унга кўра, охирги 7 ойда Тошкентда “Тошшаҳартрансхизмат”га қарашли автобуслар иштирокида 85 та йўл-транспорт ҳодисаси кузатилган. Воқеада 98 нафар одам тан жароҳат олган.

Қолаверса, таҳририят шаҳар кўчаларида оғзи очиқ қолган қудуқлар, унинг қопқоқлари нима сабаб йўқолаётганига ҳам эътибор қаратган, мақола билан шу ерда танишиш мумкин.

Мавзуга оид