Информацион марказ баёнотида Хонканди (Степанакерт)даги айирмачилар ҳукумати Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги таклифини қабул қилишгани айтилмоқда.
«Икки кунлик қақшаткич жанглардан сўнг қуролли кучларимиз тирик куч ва ҳарбий техникада бир неча баробар устун бўлган рақибдан қаҳрамонларча ҳимояланди ва уларга талафот етказди. Афсуски, бизнинг томонимизда ҳам талафотлар ва яраланганлар бор, айрим участкаларда рақиб мудофаа кучлари позицияларига ёриб киришга, бир қатор тепаликлар ва йўлларнинг стратегик боғламларини қўлга киритишга муваффақ бўлган», — дейилади баёнотда.
Ҳарбий ҳаракатлар 20 сентябр маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан бошлаб тўлиқ тугатилиши эълон қилинган.
Ушбу келишув доирасида «Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси» тўлиқ қуролсизлантирилади, унга тегишли ҳарбий техникалар йўқ қилинади, Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари эса Россия тинчликпарвар контингенти назорати остидаги зонадан чиқарилади.
Халқаро воситачилар, жумладан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен музокаларнинг кечиктириб бўлмас босқичини ўтказишни талаб қилишмоқда, унда томонлар Қорабоғда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишади.
Қорабоғнинг Озарбойжон билан интеграцияси масаласи Хонкандидан 100 км узоқликдаги Евлах шаҳарчасида 21 сентябр куни расмий Боку вакиллари билан бўлиб ўтадиган музокаралар чоғида ечилади.
Воқеалар қандай ривожланди?
Озарбойжон армияси томонидан Қорабоғда олиб борилган ҳарбий операция бир суткадан сал зиёдроқ вақт давом этди. Боку уни «аксилтеррорчилик операцияси», Ереван эса — Қорабоғ арманларини геноцид қилиш, деб атади.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси «маъмурияти» маълумотларига кўра, ўтган сутка ичида 27 киши, жумладан 2 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 150 га яқин киши яраланган.
Арманистон ҳукумати чоршанба куни 32 киши ҳалок бўлгани ва 200 дан зиёд ярадор борлиги ҳақида хабар тарқатди.
Baza маълумотларига кўра, бир сутка давом этган жангларда тан олинмаган Қорабоғ республикасининг 2,5 минг кишилик армиясидан минг нафари йўқ қилинган. Озарбойжон армияси 60 минг кишилик аскарлар билан жангга киришган. Қорабоғ айирмачиларининг ўқ-дорилари тугаб қолган.

















