Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Ойбек Ҳамроев ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири ўринбосари Муҳаммад Ал-Ҳасна ўртасида видео-конференц-алоқа орқали музокаралар ўтказилди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш борасида кейинги амалий қадамлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президентининг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига давлат ташрифи чоғида имзоланган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида SABIC, Saudi Telecom Company, Saudi National Bank, Dr. Sulaiman Al-Habib Medical Group, Jamjoom Pharma, Al Rajhi International, Ajlan & Bros Holding Group ва Al Hokair Group компаниялари билан кимё, телекоммуникация, тиббиёт, фармацевтика соҳалари ва банк сектори, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чакана савдо тармоқларини ташкил этиш йўналишларида бир қатор лойиҳаларни фойдаланишга топширишни тезлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Саудия Арабистони томонидан 24-25 декабр кунлари икки давлат ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, фан-техника, маданият, спорт ва ёшлар соҳаларида келишувларни мониторинг қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар эришилган барча келишувларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.














