Германияда нафақат мамлакатдаги ёшлар учун, балки хорижлик талабалар учун ҳам олий таълим бепул. Бунга эришиш учун мамлакат бир қанча ўн йиллик тажрибани бошидан ўтказган.
Дастлаб, олий таълимни бепул қилиш ҳаракатлари 1949 йилда бошланган. Натижада Германия ўз даври учун коллеж таълими тўлови энг арзон давлатга айланади. 1971 йилда эса давлат молиявий ёрдам тизимини ишлаб чиққан социал демократлар томонидан ўқув тўловлари нолга туширилади. Мақсад: иқтисодий статусидан қатъи назар, барчанинг бирдай сифатли таълим олишига эришиш эди.
1976 йилда эса мамлакат коллеж ва университетларида ўқув тўловларини олишни қонунан тақиқлашга оид қонун ишлаб чиқилади. Лекин барибир маълум муддат кейинги бир неча ўн йилликда таълим бутунлай бепул бўлиши учун вақт керак бўлади. Ниҳоят, 2015 йилда таълим ислоҳотларидан кейин Қуйи Саксонияда ўқув тўлови бекор қилинади ва шунинг билан Германия олий таълими тўлалигича бепул бўлган давлатга айланади.
Контракт бўлмаса, университетлар пулни қаердан олади?
Германияда таълим давлат томонидан молиялаштирилади. Давлат ажратадиган пулга олий таълим ташкилотлари маҳаллий ва халқаро талабаларни ҳам бепул ўқита олади.
Германияда ҳамма университет бепулми?
Йўқ, ҳамма университетлар эмас, давлат олий таълим муассасалари бепул. Лекин мамлакатда фаолият юритадиган хусусий ОТМ ўқиш учун контракт нархларини ўзлари мустақил тарзда белгилайди. Германияда 300 дан ортиқ давлат университетлари фаолият юритади, сифатли таълим олиш учун улардан бирини танлаш мумкин.
Мамлакатда олий таълим бепул дегани таълим сифатсиз эканини англатмайди. Топ университетлар рейтингларида Германиянинг давлат университетларини топиш мумкин. Таълим бепуллигидан асосий мақсад давлатнинг таълимга савдо маҳсулоти сифатида қарамаслиги билан боғлиқ.
Масалан, QS рейтингида:
- Франкфурт молия ва менежмент мактаби – 48-ўринда;
- Мюнхен Техник университети – 49-ўринда;
- Лудвиг Максимилианс университети Мюнхен – 59-ўринда;
- Ҳеиделберг университети – 65-ўринда;
- Берлин Фреи университети – 118-ўринда қайд этилган









