Германия мудофаа вазири Борис Писториус 25 сентябр, душанба куни Болтиқбўйи мамлакатларига уч кунлик сафарга жўнаб кетди, бу сафар давомида у Латвия ва Эстонияга ташриф буюради ҳамда Германия ҳарбийларининг минтақадаги мавжудлигини муҳокама қилади. Бошқа нарсалар қаторида, гап ягона ҳаво мудофааси тизимини яратишга қаратилган Берлиннинг «Европа осмон қалқони» ташаббуси ҳақида боради.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари урушни Европа қитъасига қайтарди ҳамда НАТО ва Европанинг мудофаа қобилиятига янгича қарашга мажбур қилди. Айни дамда иттифоққа аъзо давлатлар ўз қурол-яроғларини мустаҳкамламоқда, янги мудофаа стратегиялари ишлаб чиқилмоқда. Улар орасига Украинада уруш авж олган тақдирда Россиянинг эҳтимолий ракета ҳужумларидан ҳимояланиш ва НАТОнинг Москва билан эҳтимолий қарама-қаршилиги киради.

ESSI’да 19 давлат иштирок этади

Европа учун мавжуд ҳимоя «соябонида» маълум бир бўшлиқлар мавжуд. Ўтган йилнинг октябр ойида Германия ташаббуси билан яратилган «Европа осмон қалқони» (European Sky Shield Initiative, ESSI) ташаббуси уларни йўқ қилишга қаратилган. Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар вакилларининг йиғилиши доирасида 15 давлат Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш нияти тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Германиядан ташқари, улар - Белгия, Болгария, Буюк Британия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Руминия, Финландия, Эстония, шунингдек, Словакия, Словения, Чехия ва Венгрия. Кейинчалик лойиҳага Дания, Швеция, Австрия ва Швейцария қўшилди. 

Германия канцлери Олаф Шолц лойиҳани тақдим этар экан, «бутун Европа учун хавфсизлик ютуқлари» ҳақида гапирди ва Европа ҳаво мудофааси ҳар бир мамлакат ўзининг қиммат ва мураккаб ҳаво мудофаа тизимини яратганидан кўра арзонроқ ва кенгроқ имкониятга эга бўлишини таъкидлади. Бироқ, Франция, Италия ва Полша ҳали ESSI’га қўшилмади. Париж, ўз навбатида, лойиҳа учун Исроил ва АҚШдан технология ва қурол сотиб олиш режалаштирилаётганини танқид қилди. 

ESSI’нинг мақсади ҳар қандай ҳаво таҳдидларидан ҳимояланиш учун энг мувофиқлаштирилган қисқа, ўрта ва узоқ масофали ҳаво мудофаа тизимини яратишдир. Германия Мудофаа вазирлиги ўз веб-сайтида қисқа масофани ердаги 15 км ва 6 км баландликкача бўлган масофа сифатида белгилади. Ўртача масофа - мос равишда 15 кмдан 50 кмгача ва 25 кмгача. Узоқ масофа - 50 кмдан ортиқ ва баландлиги 35 кмгача. 

Дрон ҳужумларидан ҳимояланиш учун IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимлари