Ўзбекистон | 15:51 / 29.09.2023
12676
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда августнинг ўзида ЙТҲда 300 ўлим қайд этилди. Бу кунига 10 одам дегани

Ўзбекистон йўлларида юриш хавфлилигича қолмоқда. Сенат ялпи мажлисида айтилишича 2023 йилнинг саккиз ойида 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарлик қайд қилинган. Оқибатда шу даврда содир бўлган 6 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисасида 1 минг 415 нафар шахс ҳалок бўлган, 5 минг 448 нафар фуқаро жароҳатланган.

Фото: Kun.uz

«2023 йилнинг ўтган саккиз ойида мамлакат бўйича жами 9 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарлик, 26 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 161 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.

Оқибатда ушбу даврда 5 772 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 5 448 нафар фуқаро жароҳатланган ва 1 415 нафар фуқаро ҳалок бўлган”, - деди сенатор Толибжон Мадумаров Сенатнинг навбатдаги йиғилишида.

Олдинроқ эълон қилинган статистикада 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида содир бўлган ЙТҲлар туфайли 1115 киши вафот этгани ҳамда 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани очиқланди. Шундан маълум бўлишича, 2023 йилнинг биргина август ойида ЙТҲлар оқибатида 300 киши ҳалок бўлган. Бу эса, бир ойда ҳалок бўлганлар кунига 10 кишидан дегани.

Сенатор Толибжон Мадумаров / Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенаторнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда тахминан 11 мингга яқин пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд бўлиб, уларнинг бор-йўғи 1 834 тасида светофор ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи бошқа йўл белгилари тўлиқ ўрнатилган.

Аксарият тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчиларни мазкур объект тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилмаган ва йўл чизиқлари тўғри чизилмаган. Бундан ташқари, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари сутканинг қоронғи вақтларида тегишли сунъий ёритиш чироқлари билан таъминланмагани боис, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми тунги вақтларда содир бўлмоқда.

“Таҳлилларга кўра, 2021-2023 йиллар давомида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида 2784 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, уларнинг 1007 таси сутканинг қоронғи вақтларида юз берган. Ҳайдовчилар томонидан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаслик ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда ва бундай ҳолатлар йилдан йилга ортиб бормоқда.

Жумладан, 2021 йил давомида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатлангани учун қўлланган маъмурий қоидабузарликлар сони 101 минг 796 тани ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 142 минг 967 тани, 2023 йилнинг 8 ойида эса 90 минг 211 тани ташкил қилган”, дейди Толибжон Мадумаров.

Сенатор бунга тарғибот ишлари етарли олиб борилмаётгани, машиналарни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариш ҳоллари кўплиги, баъзи ҳудудларда маст ҳолда бошқариш деярли одатга айланиб қолганини ҳам қайд этди. Хусусан, жорий йил 8 ойда 26 мингга яқин маст ҳолда машина бошқариш ҳолати аниқланган.

Аввалроқ, Kun.uz билан суҳбатлашган йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги эксперт Носиржон Зокиров – Ўзбекистонда пиёдалар ўтиш жойлари яхши ташкил қилинмагани учун пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш белгиланмаган жойлардан ўтишдан кўра хавфлироқ эканини айтган эди.

Мавзуга оид