Жаҳон | 10:43 / 30.09.2023
11692
4 дақиқада ўқилади

«Вагнер» собиқ қўмондони Трошев «кўнгиллиларни» йиғишни бошлади

Владимир Путин топшириғига кўра Андрей Трошев собиқ «вагнерчилар»дан «кўнгилли бўлинмалар»ни тузади.

Фото: ТАСС

«Вагнер» ХҲК собиқ қўмондони, баъзи кузатувчилар «вагнерчилар» бошлиғи сифатида Евгений Пригожиннинг вориси деб ҳисоблайдиган Андрей Трошев «кўнгилли бўлинмалар» тузади. Бу кўрсатма унга 28 сентябр, пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин томонидан Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари ўринбосари Юнус-Бек Евкуров иштирокидаги йиғилишда берилди

Путин сўзларига кўра, Трошевнинг ўзи «бундай бўлинмада» бир йилдан кўпроқ вақт давомида жанг қилган ва «бу нима, қандай эканини» билади. Россия президенти Трошевнинг «қуролдошлари билан» алоқаларини сақлаб туришига ишора қилиб, «Ватан ҳимоячилари» жамғармасини эслатиб ўтди ва ижтимоий кафолатлар «инсон мақомидан қатъи назар» бир хил бўлишини ваъда қилди. 

Трошев Пригожиннинг вориси сифатида

Рус тилидаги ОАВ эслатганидек, истеъфодаги полковник, «Седой» чақириқ белгисига эга «Вагнер» ХҲК собиқ штаб бошлиғи Андрей Трошев 2023 йил 23-24 июн кунлари хусусий ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожиннинг исёнини қўллаб-қувватламаган.

Исёндан сўнг, 29 июн куни Владимир Путин «Вагнер» ХҲК қўмондонлари билан уч соатлик учрашув ўтказди. Ушбу воқеа ҳақида Владимир Путин билан суҳбатлашган «Коммерсант» газетаси мухбири Андрей Колесниковнинг хабарига кўра, Россия президенти жангчиларга «бир неча иш вариантлари, шу жумладан қўмондон «Седой»нинг бевосита бошчилигида» таклиф қилган. Колесниковнинг таъкидлашича, «вагнерчилар» сўнгги 16 ой давомида ушбу қўмондон қўл остида хизмат қилган. 

Путин ўз суҳбатдошига «кўпчилик бош ирғади», деди, аммо учрашувда иштирок этган Евгений Пригожин «йигитлар рози эмас» дея маълум қилганди.

«Вагнерчилар» Бахмут яқинида яна жанг қиляптими?

Путиннинг «Вагнер» ХҲК қўмондонлари билан учрашувида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномалар имзолаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 29 сентябр куни Евгений Пригожиннинг самолёти Твер яқинида ҳалокатга учраганидан ва унинг ўлимидан бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Андрей Трошин «мудофаа вазирлигида ишлаяпти», деб айтди. Ўз навбатида, Shot Telegram-канали «Вагнер» ХҲК собиқ қўмондони «кўнгилли тузилмалар» ва Россия Мудофаа вазирлиги ўртасидаги алоқаларни назорат қилишини айтди.

Шу куни, 29 сентябрда Британия разведкаси илгари «Вагнер» ХҲК билан алоқадор бўлган бир неча юзлаб жангарилар якка тартибда ва кичик гуруҳларда Украинага турли россияпараст тузилмалар томонида уруш олиб бориш учун юборила бошлагани ҳақида илгари олинган маълумотни тасдиқлади.

Баъзи маълумотларга кўра, «Вагнер» ветеранлари Бахмут ҳудудида тўпланган, дейилади ҳисоботда: «Уларнинг тажрибаси, айниқса, ушбу секторда талабга эга бўлиши мумкин. Уларнинг кўпчилиги ушбу фронт чизиғи ва Украина Қуролли кучлари маҳаллий тактикасини яхши билади, чунки улар ўтган қишда худди шу ҳудудда жанг қилган». 

Мавзуга оид