Ноқонуний сигареталар контрабандаси ҳамон мамлакатимиз иқтисодиётидаги долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Биргина 2022 йилда Ўзбекистонда ноқонуний бозор улуши 24,3 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, контрабанда сигареталар импорти 2023 йилда ҳам давлат бюджетига жиддий зарар етказади: унинг миқдори 1 триллион сўмга (80 миллион АҚШ доллари) етиши мумкин, чунки ноқонуний савдо даражаси ўсишда давом этмоқда. Келинг, Ўзбекистонга ноқонуний сигареталар қандай олиб кирилаётгани ва унинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш кераклигини кўриб чиқайлик.
БААдан Ўзбекистонга
«Тамакисоз» тамаки ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг маълум қилишича, контрабанда сигареталар мамлакатимизга БАА (73,7 фоиз) ва Жанубий Кореядан (8,2 фоиз) келтирилади. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар «Gulbahar Tobacco» ва «KT&G» бўлиб, асосий ноқонуний брендлардан бири «Milano KS SS» ҳисобланади.
Бундай сигареталар республикамизга қандай кириб келади? Ноқонуний сигареталарнинг аксарияти Ўзбекистондан транзит орқали ўтаётгани ва уларнинг эҳтимолий манзиллари Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон экани айтилади. Аслида юк чегарамиздан ўтиб, Ўзбекистонда қолади.

Актуал таклифлар
Контрабандачиларнинг ноқонуний фаолияти давлат иқтисодиётига катта зарар етказади, бироқ айни пайтда қонуний ишлаб чиқарувчилар ҳам, импортчилар ҳам зарар кўрмоқда.
Шу сабабли, «Тамакисоз» уюшмаси вакиллари муаммонинг энг самарали ечими сифатида ташувчи томонидан акциз солиғи тўлиқ суммасини Ўзбекистон Давлат божхона бошқармасининг депозит ҳисобварағига ўтказиши, Ўзбекистондан чиқиб кетгач эса уни қайтарилишини таклиф қилмоқда. Яна бир самарали чора – акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистон орқали транзитига чек қўйилишидир.
Таклифлар орасида сигаретанинг айрим маркаларини расмий равишда олиб киришни тақиқлаш ҳам бор. Бу нима билан боғлиқ? Ҳозир «Gulbahar Tobacco» корхонаси воситачи корхона орқали мамлакатимизга 1000 қутига яқин «расмий» импорт олиб киради. Аммо ҳисоб-китобларига кўра, ҳар ойда камида 16 минг қути контрабанда сигарета сотилади. Шу боис, ушбу ташаббус фақат битта мақсадни кўзлайди – биринчи навбатда пештахталарда Ўзбекистон акциз маркасига эга товарларни жойлаштириш, токи чакана савдо шохобчалари ушбу маркадаги сигаретларни истеъмолчилар ва назорат қилувчи органлар учун пештахталарда қўрқмасдан сақлаши мумкин. Бундай «қонуний» импортдан сўнг контрабанда ҳажмининг кескин ўсиши кутилмоқда.
Таклифнинг мазмун-моҳияти «Gulbahar Tobacco» ва «KT&G» компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган сигареталарни божхона ва шартномаларни расмийлаштирмасдан Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишдир. Бундай чора ушбу компанияларни контрабанда фаолиятини тўхтатиш ва тўлиқ қонуний бизнесга ўтиш ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
















