Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб хонадонида ўртача истеъмол миқдоридан кўп электр энергияси ишлатувчи истеъмолчилар табақалаштирилган тарзда юқорироқ тарифда ҳақ тўлай бошлайди.
Маълум бўлишича, 2023 йил 15 июлдаги ҳукумат қарори билан, Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига 63-3-банд қўшилган.
Унга кўра, 2023 йил 1 ноябрдан эътиборан, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган III гуруҳ (хонадонлар) истеъмолчиларига:
- 1001 kWhдан 5000 kWhгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;
- 5001 kWhдан 10 000 kWhгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;
- 10 000 kWhдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилади.
Ҳозирда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси тарифи 1 kWh учун 295 сўмни ташкил этади.
Шунга мувофиқ, 1 ноябрдан бошлаб, хонадонда ойлик электр энергияси истеъмоли:
- 1001 kWhдан ошганда, 1001 дан 5000 kWhгача оралиқдаги истеъмол учун 590 сўмдан;
- 5001 kWhдан ошганда 5001 дан 10 000 kWhгача оралиқдаги истеъмол учун 885 сўмдан;
- 10 000 kWhдан ошганда эса 1180 сўмдан ҳисоб-китоб қилинади.
Бу нима учун муҳим?
Ўзбекистонда электр энергиясини аҳолига арзонроқ етказиб бериш мақсадида субсидияланган нархлар амал қилади. Бунда, электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиш ва тақсимлаш харажатлари ҳамда аҳоли учун белгиланган тарифлар ўртасидаги манфий фарқ давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Энергетика вазирлигига кўра, бир йилда ўртача 1,15 млрд доллар маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти.
Субсидиялашнинг 1 ноябргача амалда бўладиган шакли жамоатчилик фаоллари, иқтисодчилар ва халқаро ташкилотлар томонидан ижтимоий адолатсиз дея эътироф этилган. Яъни субсидия барча учун бирдек ажратилгани учун, субсидияланган нархдаги энергоресурсни ким кўпроқ сарфласа, у давлатдан шунча кўпроқ субсидия олади. Бу эса энергоресурсларни бошқаларга қараганда сезиларли даражада кўп сарфлайдиган бадавлат қатламнинг жуда катта харажатлари давлат бюджетидан қоплаб берилишига олиб келмоқда.















