Темирйўл мутахассиси Озод Танбаевнинг фикрича, соҳадаги муаммолар фақатгина нарх масаласига боғлиқ эмас, асосий эътибор самарадорликка қаратилиши керак. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса темирйўл соҳаси тизимли ислоҳотларга муҳтожлигини айтади. “Охирги 30 йил ичида соҳанинг бошқаруви, иш юритиши, таркиби, тузилмасида эскича маъмурий бошқарув ва тақсимотдан ҳанузгача фойдаланиб келинади”, – дейди у.
20 октябрдан бошлаб маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархлари 1,5 баробарга, “Афросиёб”ники эса 2 баробарга оширилади. “Ўзбекистон темирйўллари” буни бир неча йилдан бери нархлар ўзгаришсиз қолаётгани, лекин бу вақт давомида харажатлар ошгани билан изоҳламоқда.
Куни кеча қабул қилинган қарор билан, 2024 йил 1 январдан йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилади ва соҳага бозор механизмлари жорий этилади.
Хўш, нархлар оширилишининг соҳага таъсири қандай бўлади? Бу борада кейинги қадамлар нималардан иборат бўлиши лозим? Kun.uz мухбири бу мавзуда Прогрессив ислоҳотлар маркази мутахассиси Озод Танбаев ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди.
“Нархлар ошса-да, муаммолар ечилмай қолаверишидан қўрқаман”

Озод Танбаев: Ўйлашимча, нархларнинг оширилиши, шунда ҳам 2 баробарга оширилиши соҳада сифатнинг яхшиланиши ёки инфрзатузилманинг янгиланишига ижобий таъсир кўрсатади деб ўйламайман. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг олиб бораётган сиёсати бир неча йил аввал UzAuto Motors олиб борган сиёсатга ўхшайди. Эсингизда бўлса, улар ҳам “Ўзбекистон темирйўллари” сингари бир хил иддао билан чиққан эди. Яъни бир неча йиллардан бери соҳада автомобил нархлари оширилмасдан келяпти, бу вақтларда нарх-наво ўзгариши ҳамда инфляцияни сабаб сифатида кўрсатган эди. Шу билан нархлар жуда қимматлаб кетди, бу орада сифат ёмонлашса, ёмонлашдики, лекин яхшиланмади. Темирйўлларда ҳам шундай бўлишидан қўрқаман.
Нархларнинг оширилиши қачон ижобий бўлиши мумкин, қачонки, соҳада шаффофлик таъминлансагина. Яъни бу самарали корпоратив бошқарувига боғлиқ. Агар шу нарса тўғри йўлга қўйилса, ижобий ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Лекин ҳозирги вақтда фақатгина аҳолининг норозилигига эришилади деб ўйлайман. Соҳадаги муаммо тизимли, фақат нархлар билан боғлиқ эмас. Биз нархларни ўзгартириб, муаммога ечим топа олмаслигимиздан қўрқаман.















