1. «Пахтакор» – 43 очко
Максим Шацких мураббийлигидаги «Пахтакор»нинг кетма-кет сўнгги 5 ўйинида, Суперлигада эса охирги 3 ўйинда ғалаба қозона олмаётганига қарамай, ҳамон пешқадамлик қилаётгани кўпроқ рақобатчиларнинг кутилмаганда очко йўқотиши билан боғлиқ. Тошкент клуби мавсумнинг иккинчи қисмидаги жами 12 ўйиндан бор йўғи 3тасида ғалаба қозона олди, 6 ўйинда мағлубиятга учради, 3 ўйинда эса дуранг қайд этди. Бу эса амалдаги чемпион жамоада муаммолар борлигини кўрсатиб турибди.

Ҳа, Шацких таркиб бўйича ҳам муаммоларга дуч келди – аксарият ўйинчилар терма жамоаларга чақирилгани учун ёрдам бера олмади, муҳим паллада жамоа етакчиси Драган Черан жароҳат олди. Шунга қарамай, «Пахтакор»ни икки фронтда қийин тақвим кутмоқда: ОЧЛдаги кетма-кет икки мағлубиятдан кейин навбатдаги турларда ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди, Суперлигада эса 5 ўйиннинг 4тасини Тошкентда ўтказса-да, «Насаф» ва «Бунёдкор» билан баҳслар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Энг тиғиз паллада эса жамоа аъзоларини ФИФА кунлари кутаётганини ҳам унутмаслик лозим.
Сўнгги 5 турдаги ўйинлари:
- 22-тур. «Пахтакор» – «Турон» (20 октябр)
- 23-тур. «Бухоро» – «Пахтакор» (29 октябр)
- 24-тур. «Пахтакор» – «Насаф» (3 ноябр)
- 25-тур. «Сурхон» – «Пахтакор» (24 ноябр)
- 26-тур. «Пахтакор» – «Бунёдкор» (2 декабр)
ОЧЛдаги ўйинлари:
- 3-тур. «Пахтакор» – «Ахал» (24 октябр)
- 4-тур. «Ахал» – «Пахтакор» (7 ноябр)
- 5-тур. «Ал-Айн» – «Пахтакор» (28 ноябр)
- 6-тур. «Пахтакор» – «Файҳа» (5 декабр).
2. «Навбаҳор» – 40 очко
«Навбаҳор» Андижондаги ўйинда кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олганидан сўнг, Суперлига ва ОЧЛда ҳеч кимни аяб ўтирмади - «Турон», «Бухоро» ва «Мумбай Сити» йирик ҳисобларда мағлуб этилди. Аммо Самвел Бабаян шогирдларини олдинда қийин тақвим кутиб турибди. Сабаби «лочинлар» «Пахтакор»дан фарқли ўлароқ уч фронт – Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва ОЧЛда курашмоқда. Наманганликларнинг чемпионатдаги тақвими ҳам рақобатчиларидан кўра оғирроқ – «Насаф» ва «Нефтчи» Наманганда меҳмон бўлади, сафардаги учта ўйин эса Тошкентда – «Сурхон», «Бунёдкор» ва «Олимпик»га қарши ўтади. Бу орада жамоа кубок яримфиналида Олмалиқда меҳмон бўлса, ОЧЛда «Нассажи Мозандарон»га қарши водий ва Эронда тўп суради, ноябр охирида эса «Нефтчи» билан муҳим баҳсдан аввал «Ал-Ҳилол»ни Наманганда қабул қилади. Самвел Бабаян жамоаси октябр ва ноябр ойидаги ушбу зич ва қийин тақвимдан йўқотишларсиз ўта олса, марра уларники бўлишига ишониш мумкин.














