Икки ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Ғазо секторига ҳеч нарса киритилмади: на озиқ-овқат, на сув ва на ёнилғи. Сўнгги кунларда Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти очилиб, ҳудудга 4 марта кам сонли ёрдам кирди.
Аммо инсонпарварлик ёрдамлари таркибида ёнилғи йўқ, ҳозиргача Ғазо аҳолиси эҳтиёжлари учун ёнилғи сўрови Исроил томонидан рад этиб келинмоқда.
Исроил тарафи асосий аргументи – дизел ҳарбий ва фуқаролик мақсадларида ишлатилиши мумкин бўлган «икки мақсадли» маҳсулот сифатида таснифланмоқда. Шунинг учун ёнилғи қаттиқ назорат остида.
Ғазодан ҳалок бўлганлардан ташқари, ўн минглаб ярадорлар ҳам бор. Шифохоналар, у ердаги тиббий асбоб-ускуналар ишлаб туриши учун эса электр энергияси зарур.
Исроил томонидан 7 октябр куни бошланган қамал ҳудудга электр энергиясини киритишни ҳам чеклайди. Натижада, Ғазода юқорида айтилган тиббий ускуналар мажбуран дизел ёқадиган генераторлар ёрдамида ишлатилмоқда. Дизел ва бошқа турдаги ёнилғилар миқдори эса чекланган. Айрим шифохоналарда шифокорлар энергияни тежаш учун, баъзида иложсизликдан беморларни телефон ёруғида операция қилишга мажбур бўлмоқда.
«Агар қамалдаги анклавга ёнилғи киришига рухсат берилмаса, бутун ёрдам операцияси тўхтайди. Касалхона генераторлари, сувни тузсизлантириш заводлари ва озиқ-овқат ва тиббий буюмларни қайта тақсимлаш учун юк машиналари — барчаси тўхтайди», деган БМТ вакили Томас Уайт.
Маълумотларга кўра, Ғазодаги 35 касалхонадан камида 10 таси Исроилнинг авиазарбалари оқибатида катта зарар кўрган ёки электр энергиясини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ёнилғи етишмаслиги туфайли ишламай қолган. Тўлиқ блокада Ғазонинг 2 миллиондан ортиқ аҳолисини тубсиз жарга олиб бормоқда.
Al-Jazeera'нинг ёзишича, бугунга қадар Ғазога электр қуввати икки манбадан келган. Улардан бири 120 МВт станция Исроил ҳудудида, у 9 октябр куни Исроил армияси томонидан ўчирилган. 11 октябрда ёнилғиси тугаб, фаолиятини мажбуран тўхтатган Ғазо электр станцияси эса қўшимча 70 МВт энергия ишлаб чиқарган. Бу фаластинликлар бу иккисидан ҳам маҳрум ва ёнилғида ишлайдиган генераторларга таяниб қолган.

















