Бинямин Нетаняҳу ўз баёнотида муддатни аниқ айтмаган, аммо Америкадаги CBS телекомпанияси аниқлашича, амалиёт бошланиши кейинроққа қолдирилган. BBC’нинг АҚШ Давлат департаментидаги мухбири Барбара Плетт Ашер бу масалани таҳлил қилди.
Вашингтон ўз роли ҳақида жуда мавҳум гапирмоқда, шу билан биргаликда бу амалиёт кечиктирилишининг афзалликларини яширмаяпти.
Чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден Нетаняҳуга ҲАМАС гаровдагиларни озод этмагунича кутиб туришни таклиф қилгани, аммо ундан буни талаб қилмаганини айтганди.
Бу шарҳ АҚШнинг Исроилнинг фаластинликларга қарши уруши ҳақидаги қарашларини акс эттиради: Исроилнинг шу ой бошида тинч аҳолига қилинган бемисл ҳужумга жавобан ҲАМАСни тугатиш қатъиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, Исроилнинг жавоби оқибатлари бўйича хавотирланиш.
Қўшма Штатлар маъмурияти, албатта, Исроил қўшини Ғазо секторига кирган заҳоти бунинг имкони бўлмаслигини билган ҳолда, ҲАМАС асирларини озод этиш учун ҳар қандай имкониятдан унумли фойдаланмоқчи.
Гаровдагилар сони 220 нафардан ортиқ, улар орасида Америка фуқаролари ҳам бор. Фаластинликлар улардан тўрт нафарини қўйиб юборгани эса бошқаларни ҳам қўйиб юбориши мумкинлиги ҳақида умид уйғотади.
Бу — президент администрациясининг вазифаси бўлса, Пентагоннинг асосий вазифаси — минтақага кўпроқ мудофаа қуроллари тизимларини олиб келиш ҳисобланади, айниқса Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийларга ҳужум қилишни бошлаганидан кейин.
Бу Исроил қўшинлари Ғазога кирганидан сўнг минтақада кескинлик янада кучайишидан хавотирларни кучайтирди. АҚШ юзага келган муҳлатдан ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланмоқда.
Масалан, Давлат департаменти аллақачон Ироқ ва Ливандаги элчихоналарининг иккинчи даражали ходимларига мамлакатни тарк этишга рухсат берган. Ливан ай ни вақтда чегара орқали исроиллик ҳарбийлар билан ракета зарбалари алмашаётган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи базаси ҳисобланади.
Бундан ташқари, Давлат департаменти агар зарурат юзага келса, Америка фуқароларини минтақадан тўлиқроқ ҳажмда эвакуация қилиш учун фавқулодда вазиятлар режасини ишлаб чиқмоқда.
Шу билан бирга, Америка дипломатияси Байден Оқ уйга келганидан буён энг узоқ муддатли бўлаётган, давлат котиби Энтони Блинкеннинг Яқин Шарқ бўйлаб шиддатли сафари билан бошланган музокараларга жалб этилган. Бундан мақсад — можаро бутун минтақа бўйлаб ёйилишининг олдини олишга ҳаракат қилишдир.



















