2023 йил январ ойида жамоатчилик Бухоро шаҳри марказида туристик мажмуа қурилишидан хабар топган эди. Лойиҳага кўра, бунинг учун Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Хофиз Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган 32,6 гектар ҳудуддаги бинолар, хусусан марказий стадион ҳам бузиб ташланиши кўзда тутилганди.
Ўз навбатида, Бухоронинг янги маъмурий маркази Гулчорбоғ ва Отбозор маҳаллалари ҳудудида танланган 1000 гектар ерда қурилиши, унга давлат ташкилотлари жойлаштирилиши керак эди. Жамоатчилик эътирозларидан кейин туристик марказ лойиҳаси тўхтатилганди.

Маълум бўлишича, бу масала яна кун тартибига қайтган. Бир неча кун илгари Бухоро шаҳар ҳокимлиги Чўлпон кўчасидаги байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт мажмуасига кўчирилган.
Kun.uz мухбири ҳокимлик биносида бўлиб, бино бўшатилгани, фақат йиғилишлар учун мажлислар зали ишлаб турганига гувоҳ бўлди. Аммо бу ҳақда ҳокимликнинг расмий саҳифаларида маълумот берилмаган. Ҳокимлик вакилининг айтишича, бино капитал таъмирланаётгани сабабли ҳокимият вақтинча бошқа жойга кўчган. У марказ бузилаётгани учун ҳокимият кўчирилганини рад этди.


Маҳаллий журналистлардан бири эса кўчиш сабаби “снос” билан боғлиқлигини айтмоқда.
“Бу аниқ эди. Туризм шаҳарчаси барибир шу ердан қурилади. Аммо ҳозирча жимжитлик. Бузиш бошланмаган, тайёргарлик кўриляпти”, – дейди бухоролик журналист.



















