«Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелгача алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилади:

- ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари.

2024 йил 1 январдан:

- ичимлик суви ва оқова сувни чиқариб юбориш нархлари маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш, молиявий харажатлар, солиқлар ва мажбурий тўловлардан келиб чиқиб шакллантирилади;

- янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражасини инобатга олиш талаби ўрнатилади. 

Қарорга кўра, 2024–2026 йилларда:

- ичимлик сув таъминоти оғир бўлган жами 813 та маҳалла ичимлик сув билан таъминланади;

- 124 693 та хонадонга ичимлик сув тармоқлари уй хўжалигигача етказилади;

- 130 та аҳоли яшаш пунктларида давлат ижтимоий буюртмаларини бериш орқали ичимлик сув таъминоти йўлга қўйилади;

- 792 090 нафар истеъмолчилар ичимлик сув учун ҳисоблагичлар билан таъминланади.

2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.