Киев: урушдаги бурилиш нуқтаси яқинлашмоқда
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг фикрича, келгуси йил Россия - Украина уруши учун ҳал қилувчи йил бўлади.
Келгуси йил Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши учун ҳал қилувчи йил бўлади, дейди Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак. 13 ноябр, душанба куни Вашингтондаги Гудзон институтида сўзлаган нутқида у Қўшма Штатларни Россияга қарши санкцияларни янада кучайтиришга ва келаётган қиш олдидан мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун Киевга яна ҳам кўпроқ қурол-аслаҳа топширишга чақирди. «Урушдаги бурилиш нуқтаси яқинлашмоқда», деб ҳисоблайди Ермак.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми олға силжимоқда ва Украина қўшинлари яқин вақтгача Россия қўшинлари томонидан тўлиқ назорат қилинган Днипро чап қирғоғида мустаҳкам ўрнашиб олган. Украина президенти Володимир Зеленский ғалабага қандай эришишни билади, дея ишонч билдирди унинг идораси раҳбари. Ермак, шунингдек, украиналиклар АҚШдан кўрсатилаётган ёрдам учун ниҳоятда миннатдор эканини айтди ва Вашингтон халқаро хавфсизлик тизимидаги етакчи ролини сақлаб қолишига умид билдирди.
Bloomberg: Залужний билан солиштирганда уруш бўйича оптимистик фикр
Bloomberg’нинг таъкидлашича, Гудзон институтидаги нутқ ва муҳокамалар чоғида Ермак аввалроқ Economist билан интервюда «боши берк ҳолат» ҳақида эълон қилган Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга қараганда уруш ҳақида анча оптимистик фикр билдирди. Ермак АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Франциядан миллий хавфсизлик маслаҳатчилари билан учрашиб, улардан ёрдам сўрашини айтди.
Вашингтонга ташрифи чоғида Андрий Ермак АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказди. Блинкен учрашув чоғида Киевга қишда Россиянинг мамлакат фуқаролик инфратузилмасини эҳтимолий ўққа тутишига қарши туришда ёрдам тақдим этилиши тўғрисида ваъда берди. «Украина ҳукумати билан бўлган барча суҳбатларимизда биз уларни қўллаб-қувватлашда давом этишимизни очиқ айтяпмиз», - деди Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер музокаралар ҳақида.
Ермак Блинкен билан учрашувни «муҳим ва самарали» деб атади ҳамда «АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти, АҚШ Конгрессининг иккала палатаси ва бутун Америка халқига мисли кўрилмаган ёрдами учун» миннатдорчилик билдирди. «Қиш яқинлашар экан, биз Россия ракета ҳужуми кучайишини кутмоқдамиз. Шунинг учун ҳақиқатан ҳам Украина шаҳарларини, муҳим инфратузилма объектларини, шунингдек, «дон йўлаги» йўлларини ҳимоя қиладиган ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа тизимлари керак», деб ёзади Ермак Telegram-каналида.
Андрей Ермак 14 ноябр куни Конгрессда америкалик қонун чиқарувчилар билан учрашиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
14:00
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024