Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳри ифлос ҳаво билан доимий курашиб келади. Бироз муддат олдин шаҳар атроф-муҳит масъуллари ҳаво ифлосланиши даражасини пасайтириш учун сунъий ёмғир ҳосил қилиш технологиясидан фойдаланишни режа қилаётганини маълум қилди.

Бу режанинг амалга ошиши учун Ҳиндистон Олий Суди ва бошқа қатор вазирликларнинг рухсатини олиш керак бўлади. Агар розилик олинса, сунъий ёмғир шу ой охирида ёғдирилиши мумкин.

Ёмғир ёғиш техникасидан фойдаланиш таклифи Деҳли ҳавосини тозалаш учун биринчи марта берилмаяпти. Бироқ экспертлар буни мураккаб ва қимматга тушадиган усул, қолаверса, қанчалик самарали экани тўла исботланмаган, деб фикр билдиришяпти. Бундан ташқари, сунъий ёмғирнинг экологияга узоқ муддатли таъсири қандай бўлишини ҳам яхшилаб ўрганиб чиқиш зарур.

Лекин Деҳли ҳавоси одамларини "бўғиш"да давом этаётган ва халқаро нашрлар сарлавҳаларида тилга олинаётган бир пайтда сиёсий лидерлар ҳам бирор чора топиш керак бўляпти.

Деҳлида охирги ҳафталарда шаҳарнинг ҳаво сифати индексида ПМ 2.5 даражаси ҳавода белгиланган миқдордан 10 баробар ошиб кетди.

Тоза ҳаво қиммат туради – нега камбағаллар ифлосланган ҳаводан кўпроқ нафас олишга маҳкум?

Пойтахтда ҳаво ифлосланиши автомобил ва саноат чиқиндилари ҳамда чанг туфайли йил давомидаги муаммо сифатида сақланиб туради. Айниқса, қиш ойларида Деҳлининг ҳавоси ёмонлашади. Сабаби шаҳар атрофидаги фермерлар экин қолдиқларини ёқиб юборишади, паст босимли шамол эса ҳавода ифлослантирувчи моддалар кўпайишига олиб келади.

Ифлос ҳаво сабаб Деҳли ҳукумати мактабларда қишки таътил эртароқ бошланишини эълон қилди, қурилиш ишларини тақиқлади. Бу вазиятда “булут экиш” билан ҳаво сифатини яхшилаш ва бунга тегишли ташкилотлар розилик бериши умид қилиняпти.

“Булут экиш” нима дегани?

"Булут экиш" — ёмғир ҳосил қилиш учун булутларда намлик конденсациясини тезлаштирадиган усул. Бунда кумуш йодид ёки хлорид моддаларидан иборат туз зарралари булутларга пуркалади.

Туз гранулалари булутда муз кристалларини ҳосил қилишга ёрдам беради. Булутдаги намлик муз кристалларига ёпишади ва ёмғир ҳосил бўлади.