Радарлар билан боғлиқ навбатдаги низоли ҳолат Хоразм вилоятида юз берди: тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар ҳайдовчи тезликни оширганини қайд қилган, вилоят ИИБ ЙҲХБ жарима қўллаган. Ҳайдовчи эса тезликни оширмаганлигини, радар белгиланган талабларга зид равишда ўрнатилганлигини айтиб, судда ютиб чиққан.

Ҳолат қандай бўлган?  

Ҳайдовчи Мансурбек Мадаминов 2023 йилнинг 14 август куни ишончнома асосида “Glass Pro” МЧЖга тегишли Cobalt машинасини Урганч шаҳри, Хонқа кўчасида бошқариб кетаётиб, радарга тушган. Радар мосламаси у машинани 60 км/с тезлик чегараланган ҳудудда 68 км/с тезликда бошқарганлигини қайд қилган.

Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ МАИ инспектори Толибжон Давлетов томонидан 15 август куни жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Инспектор қарорида ҳам “Glass Pro” МЧЖга тегишли Cobalt машинаси юқоридаги манзилда соат 10-35 да 60 км/с тезлик чегараланган жойда 68 км/с тезликда ҳаракатлангани ёзиб қўйилган.

Аммо Мансурбек Мадаминов тезликни оширмаганлигини ва радар нотўғри ўрнатилганлигини айтиб, судга мурожаат қилади.

Суд 2023 йил 5 октябр куни ҳайдовчининг аризасини қаноатлантирган ҳолда маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарорни бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБга юборади.

Бироқ иш қайта кўрилмайди ва айни шу ҳолат бўйича яна жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинади.

Суд 10 ноябр куни Мансурбек Мадаминов шикояти асосида ишни яна кўриб чиқиб, Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ МАИ инспектори Толибжон Давлетовнинг 1 ноябр кунидаги жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни тугатади.

Бетон симёғочга ўрнатилган радар ноқонуний 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги қарори билан “Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.