Ўзбекистон | 14:52 / 05.12.2023
13281
3 дақиқада ўқилади

“Ҳамма нарсада инсоф бўлиши керак” – Навоий вилояти ҳокими дорихоначиларни солиқдан қочишда айблади

Солиқ тизимидан чиққан Нормат Турсунов тиббиёт соҳасига доир йиғилишда импорт дориларни Тошкентдан вилоятга олиб бориб сотаётган дорихоначилар солиқдан қочаётганлигини айтган. Ҳоким бу борада исталган дорихона масъули билан бирма-бир гаплашишга тайёрлигини билдирган.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалаларига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказган. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Собиқ солиқчи бўлган ҳоким йиғилишда “аптека”чиларни даромадини кам кўрсатган ҳолда солиқдан қочишда айблаган.

Тошкентдан импорт дорини олиб келаётганлар ҳақида тўхталмоқчиман. Дорихоначилар авваллари умумий айланмадан 4 фоиз солиқ тўлаган. Айланма солиғи деймиз буни. Агар ким норози бўлса, шу дорихона вакиллари билан бирма-бир гаплашишга тайёрман. Кейинчалик 100 млрд сўмдан “обороти” ошганлиги қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчисига айланди.

Энди савол: қайси бирида кўп солиқ тўлайди? Айланма солиқда “обороти”дан 4 фоиз тўласа, энди қўшилган қиймат ва фойда солиғи, буни умумбелгиланган солиқ деймиз, тўланади.

Қўшилган қиймат солиғи тўламайди, имтиёз бор. Авваллари фойда солиғи тўламасди, айланмадан солиқ тўланарди. У пайтда дорихоналарнинг рентабеллиги 30-40 фоизгача бўлган. Бугунга келиб фойда солиғи тўловчиси бўлиб ўтгандан кейин қўшилган қиймат солиғи тўламаса фойда солиғи тўлаши керак. Энди маржасини камайтириб кўрсатиб, фойда солиғини ҳам кам тўлаяпти. Олдинги 40 фоизлик рентабеллик бугун 3 фоизга тушиб қолган. Буни дорихоналаримизда ўтирган масъуллар жуда яхши билиб турибди. Ҳамма нарсада инсоф бўлиши керак-ку”, дея таъкидлаган Нормат Турсунов.

Шунингдек, йиғилишда вилоят ҳокими шифокорлар томонидан дори-дармон рецептини турли қоғозларга исталган кўринишда ёзиб бериш ҳолатларини ҳам танқид қилган.

Вилоятда 396 та тиббиёт муассасасида 2114 нафар тиббиёт ходими дори ёзиб бериш ҳуқуқига эга. Шундай қараб, қанақа қоғоз бўлса олади ва рецепт ёзиб беради. Хоҳласа қаламда, хоҳласа ручкада нима қоғоз бўлса ёзиб бераверишади. Мана бугунги кунда аҳолига ёзиб берилаётган рецептнинг аҳволи: на ёзиб берган врачнинг исми бор, на ўша тиббиёт муассасасининг номи бор. Агар дори беморда реакция берса ким жавоб беради бунга?”, деган вилоят раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Нормат Турсунов 2021 йилнинг 8 ноябр кунидан Навоий вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Бунгача у Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифаларида ишлаган

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид