Ўзбекистон | 14:59 / 06.12.2023
9693
4 дақиқада ўқилади

ЕИнинг санкциялар бўйича вакили: Ўзбекистондан сўровимиз 45 та маҳсулотга қаратилган

Европа Иттифоқи ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган 45 турдаги маҳсулотнинг Россияга Ўзбекистон орқали реэкспорт қилинишига йўл қўймасликни сўрамоқда. ЕИнинг санкциялар бўйича вакили Дэвид О’Салливанга кўра, Иттифоқ Ўзбекистоннинг РФ билан анъанавий савдо алоқаларини ҳурмат қилади, ташкилотнинг хавотири савдонинг санкциялар четлаб ўтиладиган янги кўринишлари билан боғлиқ.

Дэвид О’Салливан Ўзбекистон Марказий банкидаги учрашувда

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш борасида нейтрал позицияда бўлиш танловини ҳурмат қилади, айни пайтда, расмий Тошкентдан Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали четлаб ўтилишига йўл қўймасликни сўрайди. Бу ҳақда Тошкентга келган Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича вакили Дэвид О’Салливан Gazeta.uz'га берган интервюсида айтиб ўтди.

“Биз Ўзбекистоннинг суверенитетини, Ўзбекистон бу можарода тарафкашлик қилишни, кимнингдир тарафида бўлишни ёки халқаро коалиция томонидан қабул қилинган санкцияларни қабул қилишни истамаслигини тўлиқ тушунамиз ва ҳурмат қиламиз. Бироқ, Ўзбекистон санкцияларимизни четлаб ўтиш ёки улардан қочиш учун платформа сифатида фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирдамиз. Ўзбекистон расмийлари буни истамаслигини очиқ-ойдин маълум қилган. Муҳокамаларимиз мазмуни шундан иборат”, – деди Евроиттифоқ расмийси.

Дэвид О’Салливан Тошкентга шу йил апрел ойида ҳам келган эди. Унга бу галги ташрифида АҚШ ва Буюк Британия расмийлари ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. Улар Марказий банк, Божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва саноат вазирлиги мутасаддилари билан учрашувлар ўтказмоқда.

ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакилига кўра, иттифоқ томонидан Ўзбекистонга санкциявий режим борасида қўйилаётган асосий талаб – ҳарбий мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкин бўлган 45 та маҳсулотга қаратилган.

“Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистондан сўралаётган саъй-ҳаракатлар унинг умумий савдо ҳажмининг 1 фоизидан камроғини ташкил этувчи 45 та маҳсулотга қаратилган. Биз Ўзбекистоннинг Россия билан анъанавий савдосига ёки Россия билан қонуний савдосига – сиз Россия билан доимо савдо қилиб келган товарларга зарар етказиш истагида эмасмиз. Бу, албатта, давом этаверади. Биз савдонинг санкцияларимизни четлаб ўтишга уринишлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган янги кўринишларидан хавотирдамиз. Биз ҳеч қандай тарзда Ўзбекистоннинг анъанавий савдо йўлларига путур етказмоқчи эмасмиз, агар улар санкция остидаги товарлар билан боғлиқ бўлмаса”, – деди О’Салливан.

Фото: Gazeta.uz

Унинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва ҳарбий мақсадларга қўлланиши мумкин бўлган товарларнинг Ўзбекистон орқали Россияга реэкспорти қисқаргани бўйича дастлабки ижобий ўзгаришлар кузатилган.

“Бироқ, айтишим керакки, ҳозирда статистик маълумотлар етарли эмас. Ва бугунги муҳокамалар доирасида Ўзбекистон томони бу маълумотларни яқин бир неча кунларда тақдим этиш мажбуриятини олди. Умид қиламанки, бу биринчи ташрифимиздан кейин биз кўрган тенденция бугунги кунгача давом этаётганидан далолат беради”, – деди ЕИ махсус вакили.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда. ОАВга кўра, ундан Ўзбекистоннинг бир нечта компаниялари ҳам ўрин олади. Ҳозиргача Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган “Alfa Beta Creative” МЧЖ ва “GFK Logistic Asia” МЧЖ ЕИнинг санкцион рўйхатига тушган.

Мавзуга оид