Мажбурий ижро бюроси ва ЙҲХХ ҳамкорлигида йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун қўлланган маъмурий қарорлар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. МИБ матбуот хизмати Kun.uzʼга тақдим қилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 11 ойида бюро органлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ 722 млрд сўмлик 2 миллионга яқин ҳужжатларнинг ижроси таъминланган.

“Маълумки, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кунидан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиш амалиёти жорий этилган. Бироқ йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар жаримани имтиёзли муддат у ёқда турсин, ихтиёрий муддатда ҳам тўлашдан бўйин товлаб, ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлигини менсимасдан, қайта йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда”, — дейилади МИБ ахборотида.

Шу сабабли, МИБ ва ЙҲХХ “Қўшма кўрсатма” асосида тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан “AutoCon-SC/M-онлайн” ва планшетлар ёрдамида туман (шаҳар) марказий кўчаларида ҳамда ҳудудий йўл-патрул хизмати стационар постларида тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Маълум бўлишича, бу даврда жаримани ўз вақтида тўламаган ва тадбир давомида қарздорликни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга тегишли 14,6 мингдан ортиқ транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонларига жойлаштирилди, қидирувдаги 2 минг 684 та транспорт воситалари топилди.

МИБ, шунингдек, ўнлаб маъмурий жарималарни тўламасдан келаётган фуқаролар ва уларга кўрилган чоралар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, қарздор А.Р.дан 55 та (26,8 млн сўм) маъмурий жарималарни ундириш мақсадида, Venucia русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилган.

Қарздор С.Ш.дан 18 та (9,5 млн сўм) маъмурий жарималарни ундириш мақсадида, Тracker 2 ҳамда қарздор Ю.Очиловдан 19 та (29,8 млн сўм) маъмурий жарималарни ундириш учун Кaptiva русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

Қарздор М.Х.дан 9 та (4,5 млн сўм) маъмурий жарима ва 1 та (224,8 млн сўм) кредит қарздорлигини ундириш мақсадида, транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.