Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-ноябр ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 57,3 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 23,2 млрд долларни, импорт ҳажми эса 34,1 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 30,6 фоизга, импорт ҳажми 23,3 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 10,9 млрд долларга етган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,2 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21,3 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Россия (15,5 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Жанубий Корея (3,7 фоиз) билан қайд этилган.

2023 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:

●     Хитой – 12,2 млрд доллар;

●     Россия – 8,8 млрд доллар;

●     Қозоғистон – 4 млрд доллар;

●     Туркия – 2,8 млрд доллар;

●     Корея – 2,1 млрд доллар;

●     Туркманистон – 970 млн доллар;

●     Германия – 962 млн доллар;

●     Қирғизистон – 878 млн доллар;

●     Франция – 832 млн доллар;

●     Афғонистон – 784 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Экспорт

11 ой давомида олтинсиз экспорт атиги 5,7 фоизга ўсиб, 15,05 млрд долларни ташкил этган. Яъни январ-ноябр ойидаги экспорт ҳажмининг 30,6 фоизга ошиши бевосита олтин сотишнинг кўпайгани билан боғлиқ. Мазкур даврда 8,1 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Бу рекорд кўрсаткичдир.