Жаҳон | 09:08 / 25.12.2023
4849
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг ядровий энергия қурилмасига эга контейнер кемасида ёнғин содир бўлди

Ёнғин Мурманскдаги «Атомфлот» портида «Севморпут» ядровий контейнер кемаси каюталаридан бирида содир бўлган, ёнғин ўчирилди, деб хабар берди ФВВ.

Фото: ALEXANDER NEMENOV/AFP/Getty Images

Мурманскдаги «Атомфлот» ФДУКнинг тўхташ жойида «Севморпут» ядровий контейнер кемасида ёнғин содир бўлди, деб хабар берди Мурманск вилояти ФВВ бошқармаси 24 декабр, якшанба куни. Ёнғин сабабларига аниқлик киритилмаган. 

«Севморпут» ядровий контейнер кемаси каюталаридан бирида ёнғин содир бўлди. Ёнғин майдони 30 квадрат метрни ташкил этган. Москва вақти билан соат 00:01 га келиб у ўчирилди, қурбонлар йўқ», - дейилади ФВВ баёнотида.

«Атомфлот»: «Севморпут»даги ёнғин реактор қурилмасига таҳдид келтириб чиқармади

«Севморпут» ядровий контейнер кемаси каютасидаги ёнғин реактор қурилмасига таҳдид солмади, дея «Атомфлот» ФДУК матбуот хизмати хабарини келтирган «Интерфакс» агентлиги. Корхона ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини ва «ҳаётни қўллаб-қувватлаш тизимлари» учун хавф йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, ёнғинга «юқори даража» тоифаси берилгани қайд этилган.

«Атомфлот» сайтидаги маълумотларга кўра, «Севморпут» ядровий контейнер кемаси - РФда 29 МВт қувватли ядровий энергия қурилмасига эга бўлган ягона музёрар-транспорт кемаси. Кема 1988 йил 31 декабрда сувга туширилган. Ядровий энергия қурилмаси дизел ёнилғиси тўлиқ захирасига эга бўлган ҳолда 9,5 минг километргача масофани босиб ўтиш имконини беради. Кема қалинлиги 1 метргача бўлган узлуксиз текис муз майдонларида тахминан 3,7 км/соат тезликда мустақил равишда ҳаракатлана олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид