Ўзбекистон | 16:50 / 26.12.2023
54257
2 дақиқада ўқилади

Янги автомобилларни сотиш қоидаларига ўзгартириш киритилди

Унга кўра, UzAuto Motors ички бозордаги талабни қондира олмаган вақтда, барча истеъмолчиларга тенг имконият яратиш мақсадида 12 ой ичида 2 тадан кўп автомобил учун шартнома олган харидор билан кейинги 12 ой давомида айнан шу моделлар бўйича шартнома тузмаслик ҳуқуқига эга бўлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикасида янги автомототранспорт воситаларини чакана сотиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори (25.12.2023, №683) қабул қилинди.

Қарор билан, Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари қуйидаги мазмундаги 119–1-банд билан тўлдирилди:

«119–1. Сотувчи олди-сотди шартномасини тузишда барча истеъмолчиларга тенг имкониятларни яратади.

Агар бозорда устун мавқега эга сотувчида ўзи томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситасини сотишда ички бозордаги талабни қондириш имконияти мавжуд бўлмаганда, бир шахс билан 12 ой давомида автомототранспорт учун иккитадан ортиқ шартнома тузилганда, сотувчи кейинги 12 ой мобайнида ушбу маҳсулот учун қайта шартнома тузишдан бош тортиш ҳуқуқига эга».

Товар ёки молия бозорида устун мавқега эга корхоналар рўйхатида енгил автомобиллар сотиш бўйича UzAuto Motors устун мавқега эга экани белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, бу банд амалда UzAuto Motors 12 ой ичида битта русумдаги харидоргир автомобил учун 2 та шартнома олган мижозлар билан кейинги 12 ой давомида худди шу русумдаги автомобил учун шартнома тузмаслик ҳуқуқига эга бўлишини англатади.

Аввалроқ UzAuto Motors агар бир шахс номига йилига бир хил модел учун 2 тадан ортиқ автомобил харид қилинса, ҳар бир кейинги автомобил «навбатнинг охирига ўтиши» ҳамда автомобилларни етказиб бериш муддати 120 кунга ошишини эслатиб ўтганди.

Мавзуга оид