Ўзбекистон | 07:41 / 27.12.2023
30352
2 дақиқада ўқилади

Биттадан ортиқ машинага эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш таклиф қилинди

Экологик партия депутати Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани сабаб бир қанча таклифлар билдирди. 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Экологик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Носиржон Аминов пойтахт ҳавосида ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани туфайли қатор таклифлар билан чиқди.

“2023 йил ҳам якунига етиб боряпти, лекин Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаяпти. Тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилиши, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетиши барибир ўз сўзини айтяпти. 

Шаҳарда тартибсиз қурилишларни ёки автомобиллар ҳаракатланишини чекламасак, ўнгланишимиз қийин бўладиганга ўхшаб турибди. Кимгадир ёқар ёки ёқмас, аммо ифлосланган ҳаводан болаларимиз нафас олишига томошабин бўлишдан воз кечиш вақти келди”, дейди у.

Депутат айрим ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратган:

  1. Қурилиш ишларини ташкил қилиш учун белгиланган “СанПин” талабларига риоя қилмаган қурувчилар кескин жавобгарликка тортилиши керак.
  2. Пойтахт ҳудудида тирбандликларни бартараф этиш мақсадида автомобилларнинг ҳаракатланишини тартибга солиш ишларини қайта кўриб чиқиш, ҳатто вақтинча бўлса-да шаҳарга киришда айрим чекловларни татбиқ қилиш зарур. 
  3. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши олдини олиш мақсадида бирдан ортиқ автомобилга эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

“Бир сўз билан айтганда, хусусий автомобилдан фойдаланиш ҳашамдор, жамоат транспортлари қулай ҳамда пиёда йўллари эса замонавий ва хавфсиз ҳолатда бўлиши зарур”, дейди Носиржон Аминов.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид