Президентнинг 2022 йил 31 майдаги фармони билан 23 турдаги (балиқ, сут маҳсулотлари, банан, цитрус мевалар, ўсимлик ёғи, сариёғ, тухум, кофе в.б.), 2023 йил 23 мартдаги фармони билан 36 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини (пишлоқ, творог, шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок, беҳи, йогурт, кефир, сут маҳсулотлари, макарон в.б.) Ўзбекистонга олиб киришга божхона божининг нол ставкаси қўлланиши кўзда тутилган.

Бир неча кундан кейин имтиёзли давр тугайди. Kun.uz бу борада иқтисодчиларнинг фикрларини ўрганди.

“Протекционизм сиёсатидан узил-кесил воз кечиш керак” — Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун импорт имтиёзлари вақтинчага эмас, доимийга берилиши керак.

“Бир неча турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари учун импорт божхона божининг нол ставкаларини қўллаш муддати тугаб битишига бир неча кун вақт қолди. Бюджетномада ноллаштирилган божларнинг узайтирилиши борасида ҳеч қандай ишора йўқ. Бунгача ўзбекистонликлар “банан емас” мақомида бўлган, цитрус мевалар фақат меҳмонлар учун олинган. Киши бошига ҳисобланса, ҳар бир ўзбекистонлик жон бошига 680 граммдан банан тўғри келган. Апелсин, лимон ва банан нархлари бўйича Тошкент дунёдаги энг қиммат шаҳар ҳисобланган.

Ҳукуматнинг иқтисодий ўсиш ва фаровонлик режалари самимий ва рост бўлса, табиий шароитларга ва техник чекловларга кўра Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлардан бож олиш, уларни ҚҚСга тортишдан бутунлай воз кечиш керак.

Келинг, энг аввало божларни бож эмас, импортга солиқ дея қабул қилайлик. Кейин, импортга солиқларни рағбатлантирувчи функциясига кўпроқ урғу берайлик.

Ташқи савдо эркинлаштирмоқчи, халқаро меҳнат тақсимоти ва жаҳон иқтисодиётининг бир қисмига айланмоқчи бўлсак, импортга солиқлар 0,5 ва 10 фоизлик ставкалардан иборат бўлиши керак.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ё хизмат борки, импорт солиғи 0 фоиз бўлиши лозим.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, лекин бозоримизда улуши 50 фоиздан ошмайдиган товар ва хизматлар бўйича импорт солиғи 5 фоиздан ошмаслиги зарур.

Ва ниҳоят, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, лекин ички бозоримизда улуши 50 фоиздан зиёд товар ва хизматлар 10 фоизлик импорт солиғига тортилиши керак. Бўлди.