Сўнгги бир неча йилдаги воқеалар - коронавирус пандемияси ва Россиянинг Украинага қарши уруши глобал иқтисодиёт ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Нефт нархи кўтарилди, инфляция ўсди ва таъминот занжири бузилди. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда инфляция сезиларли даражада пасайган бўлса-да, фоиз ставкалари юқорилигича қолмоқда. Улар қачон тушишини аниқ айтиш мушкул. Марказий банклар бундай қадам ташлашга шошилмаяпти. 

Баъзи экспертларнинг фикрича, пул-кредит сиёсати қатъийлаштирилиши оқибатлари фақат 2024 йилда сезила бошлайди, чунки 2023 йилда улар кўпчилик кутган таъсирга эга бўлмади. «Глобал иқтисодиёт, барча кескинликларга қарамай, биз тахмин қилгандек кучсизлангани йўқ, - дейди Oxford Economics бош иқтисодчиси Адам Слейтер DW нашрига берган интервюсида. - Бироқ, бизнинг тахминимизча, бунинг кузатилиши - вақт масаласи».

Слейтер келгуси йилда глобал иқтисодий ўсиш нисбатан «заифроқ» бўлишини кутмоқда ва техник таназзулни истисно этмаяпти. 2024 йилда глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши 2023 йилдаги даражадан унчалик фарқ қилиши кутилмаяпти, бироқ кўплаб кузатувчилар унинг секинлашишини тахмин қилмоқда. Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) келгуси йилда глобал иқтисодий ўсиш 2,7 фоизни ташкил этиши, бу 2023 йилдаги 2,9 фоиз даражасидан бироз пастроқ бўлиши борасида прогноз берди.

Ўз навбатида, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўсишни 2,9 фоиз, Европа марказий банки (ЕМБ) эса 3 фоиз даражасида кутмоқда. Бироқ, прогнозлар минтақалар бўйича фарқларни ҳисобга олади. Масалан, ХВЖ АҚШда Хитой ёки Европага қараганда анча кучли иқтисодий ўсишни тахмин қилмоқда. 

Хитой ўзини қандай тутади? 

Хитой иқтисодиётининг «совиши» 2024 йилда мутахассислар эътибори марказида бўлади. Сабаби, дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти жаҳон ривожига катта таъсир кўрсатади. «Бу (Хитой иқтисодиётининг ривожланиши) глобал ўсиш нуқтайи назаридан ҳам, Осиё минтақасидаги иқтисодий ривожланиш динамикасини аниқлаш учун ҳам муҳим», - дея тушунтирди Слейтер. 

Ҳиндистон Сиёсий тадқиқотлар марказидан Сушант Сингх ҳам шундай фикрда. Унинг сўзларига кўра, Хитой иқтисодиёти «тикланиши ёки чўкиши» масаласи 2024 йил учун асосий бўлади. Жорий йил бошида Жаҳон банки Хитойнинг иқтисодий «лоҳаслиги» анъанавий равишда глобал иқтисодиёт двигателларидан бири бўлган Шарқий Осиёга чуқур таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирган эди. 

Ўз навбатида, Вашингтон Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS)дан Уилям Рейнш Хитой иқтисодиёти истиқболларига оптимизм билан қараяпти. «Давлат назоратидаги иқтисодларнинг қизиқарли хусусиятларидан бири бу - хатолар оқибатларини кечиктириш қобилияти, - деб таъкидлади у DW нашрига берган интервюсида. - Банкларга: «Шу соҳага қарз беринг», дейилади. Агар улар (Хитой расмийлари) сигнал юбормоқчи бўлса, компанияларга банкрот бўлмаслик кераклигини ёки компанияларга банкрот бўлиши кераклигини айтади. Қандай бўлмасин, ҳукумат ҳамма нарсани ҳал қилади».