Жаҳон | 07:46 / 02.01.2024
11345
2 дақиқада ўқилади

Украина президенти: уруш маркази - Қримда

Қримни изоляция қилиш ва у ерда Россия ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш «бу минтақадан ҳужумлар сонини камайтиришга ёрдам беради», деди Володимир Зеленский The Economist нашрига берган интервюсида.

Фото: 2023 Maxar Technologies/AP/picture alliance

Украина президенти Володимир Зеленский Қрим ва унинг қайтариб олиниши билан боғлиқ Қора денгиздаги жанг 2024 йилда урушнинг «оғирлик маркази»га айланиши кераклигини айтди. 1 январ, душанба куни парчалари чоп этилган The Economist нашрига берган узун интервюсида у яриморолни изоляция қилиш ва у ерда Россия ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш Украина учун «ўта муҳим» эканлигини, чунки бу билан бу минтақадан ҳужумлар сонини «камайтириш» мумкин бўлишини айтди.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Қримни озод қилиш бўйича муваффақиятли операция «бутун дунёга ўрнак» бўларди ва Россия ичида катта таъсир кўрсатади, чунки «Кремл тарғиботининг асосий элементи» йўқолиши «минглаб россиялик зобитлар фақат Россия раҳбариятининг амбициялари туфайли ҳалок бўлганини» кўрсатади.

Зеленский Украинанинг Қримдаги жиддий ғалабалари ҳақида эълон қилди 

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина стратегик муҳим яриморолда жиддий ғалабаларга эришиб, Россия Қора денгиз флотининг «сезиларли сонини» йўқ қилган – Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, фақат охирги тўрт ойда ушбу флотнинг бешдан бир қисми йўқ қилинган. Россиянинг сўнгги 240 йил давомида эгаллаб турган ҳарбий-денгиз базалари йўқолиши раҳбарияти учун катта шармандалик бўлади, деб ёзади The Economist.

Шу билан бирга, Украина давлати раҳбари муваффақиятга эришиш тезлиги Киевнинг Ғарб ҳамкорларидан оладиган ҳарбий ёрдамига боғлиқ бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар Украина Германиянинг узоқ масофага учувчи Taurus қанотли ракеталари билан таъминланса, бу Украина Қуролли кучларига Қримни Россиядан самарали изоляция қилиб, Керч кўпригини йўқ қилиш имконини бериши мумкин. «Россия билиши керакки, у биз учун ҳарбий объект», деди Володимир Зеленский Британия нашрларидан бирига берган интервюсида. 

Мавзуга оид