Жамият | 14:22 / 08.01.2024
20704
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Paynet шохобчаларида пластик картасига пул туширтириб, қочиб кетишни одат қилган шахс ушланди

Ушбу шахсдан жабр кўрганлардан Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилиш сўралади.

Ижтимоий тармоқларда Paynet шохобчасида пластик картага пул тушириб, лекин нақд пулни бермасдан қочиб кетаётган шахснинг видеолари тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида қуйидагилар аниқланди. 

Жорий йилнинг 3 январ куни 1993 йилда туғилган Хусанов Камрон Хисрав ўғли Олмазор туманидаги Paynet шохобчасига кириб, пластик картасига 682 000 сўм миқдоридаги пулни ўтказишни сўраган. Айтилган пул миқдори пластик картасига туширилгандан сўнг, К.Хусанов нақд пулни тўламасдан шохобчадан қочиб кетган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда у бошқа бир шохбочада ҳам шу ҳаракатини содир этгани ёки шунга урингани акс этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси («Талончилик») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

«Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки унинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-49-44, 71-206-46-35 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз», дейилади хабарда.

Мавзуга оид