Жамият | 12:31 / 11.01.2024
39139
2 дақиқада ўқилади

Пенза областида ЙТҲ оқибатида камида 7 ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Россиянинг Пенза областида фура ва минивэн ўртасида тўқнашув содир бўлиш оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, минивэнда Ўзбекистон фуқаролари ҳаракатланган.

Фото: РФ тергов қўмитаси

11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза области Нижнеломовск районида Volvo русумли юк машинаси ҳамда минивэн ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. РФ тергов қўмитаси ЙТҲ оқибатида минивэндаги етти киши, жумладан машина ҳайдовчиси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

Нижнеломовск район прокурори Андрей Ярошнинг маълум қилишича, минивэнда Ўзбекистон фуқаролари ҳаракатланган.

РИА Новости ўз манбасига таяниб хабар беришича, ҳодиса қурбонлари сони саккиз нафарни ташкил этмоқда – жабрланган икки кишидан бири шифохонага олиб бориш вақтида жон берган, яна бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Агентликнинг қайд этишича, минивэнга Ўзбекистон рақам белгилари тақилган.

ЙТҲнинг айрим тафсилотлари маълум бўлган: JAC минивэни ҳайдовчиси, 1981 йилда туғилган шахс Москва томон ҳаракатланишда қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган ва Volvo юк машинасига урилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 238-моддаси 3-банди (истеъмолчилар хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш талабига жавоб бермайдиган равишда хизмат кўрсатиш ва эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан кўп одамларнинг ўлимига сабабчи бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.

  • UPD: Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси бу маълумотни тасдиқлади. «Россиянинг Пенза вилояти Нижнеломовск туманида 2024 йил 11 январда юз берган автотўқнашувда ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси вакиллари томонидан тан жароҳат олган фуқароларга ва марҳумларнинг жасадларни Ўзбекистонга жўнатишда керакли амалий ёрдам кўрсатилмоқда ва жойларда керакли ишлар олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид