Германиядаги ўзбек энергетиги Равшан Хўжанов кўмирга ўтиш сиёсати узоқ давом эттирилиши хато бўлишини, соҳа учун бу вақтинчалик ечим эканини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, кўмир станцияларига фақат заҳарли газлар ташқарига чиқарилмаган тақдирда ўтиш мумкин. “Бизнинг [Ўзбекистоннинг] станцияларимиз, кўмиримиз Европа стандартларига жавоб бермаслиги мумкин. Жавоб бериши учун янги технология, янги инновациялар, инвесторларни жалб қилишимиз керак”, – деди у Kun.uzʼга берган интервюсида.

17 ноябрнинг кечидан бошлаб Тошкентда чанг аралаш қуюқ туманли ҳаво кузатилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов инверсия ҳодисаси кузатилганда кўмир кули, қуруми ва бошқа ҳавони ифлослантирувчи моддалар узоқ муддат ҳавода муаллақ туриш хусусиятига эгалигини эслатди.

Эсингизда бўлса, анча аввалроқ Экология вазирлиги ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалардан бири бу кўмир ва мазут чиқаётган заҳарли ташланмалар эканини айтганди. Айни вақтда эса Ўзбекистон энергетикаси кўмирга ўтиш сиёсатини олиб бормоқда.

Аммо кўплаб мутахассислар бу вақтинчалик ечим эканини, жараёнда бошқа муқобил вариантларни ўйлаш лозимлигини айтишмоқда. Айни шу ҳақда батафсил гаплашиш учун Kun.uz Германиядаги ўзбек энергетиги Равшан Хўжанов билан суҳбатлашди.

Дастлаб бутун дунёда ҳатто ривожланган давлатлар ҳам кўмирдан фойдаланишга ўтишаётгани ҳақида сўрамоқчиман. Нима сабаб айнан кўмирга ўтиш танланди ва бунга муносабатингиз қандай?

– Жудаям тўғри таъкидладингиз, дунёда ривожланган давлатлар бошида кўмир станцияларидан воз кечаётган бўлса, ҳозир яна аста-секин кўмир станцияларини тармоққа улашмоқда. Бунинг ўзига яраша турли хил сабаблари: сиёсий-иқтисодий сабаблари бор. Германиянинг мисолида оладиган бўлсак, Европада Германияда анча-мунча кўмир станциялари ёпилганди, ёпилаётганди ва кўзда тутилмаган сиёсий сабаблар, газ етишмовчилиги сабабидан ўтган йилдан тахминан 2 гегаватт кўмир станциясини тармоққа улади, бу мажбурий, вақтинчалик ечим сифатида қилинди. Ва бу кўмир станциялари тахминан 3 тани, уларнинг умумий қуввати 2 гегаваттни ташкил қилади. Буларни 2024 йилнинг баҳоригача ишлатишмоқчи.