Суд ҳукми инсон тақдирига дахлдор бўлган муҳим ҳужжат. Унинг ёзилишида чалкашликларга йўл қўйиш жиддий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Бироқ жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида кўрилган ишларда бу қарашдан бироз четлаб ўтилади шекилли. Йўқса, суд раиси Санжар Исақулов судялик қилган ишда ҳукм “уйқу аралаш” ёзилмаган бўларди. 2023 йил 22 декабр куни Санжар Исақулов томонидан кўрилган иш ҳукмини ўқиб, бунга амин бўлдик.

Мазкур иш икки эркакнинг “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйиши билан боғлиқ. Ҳукмдаги сон-саноқсиз орфографик ҳамда грамматик хатолар ўз йўлига, мазмун жиҳатдан телба-тескари жумлалар шу қадар чалкашиб кетганки, судланувчи аслида ким эканини адаштириб қўйиш ҳеч гап эмас.

Ҳукмнинг айрим ўринларига тўхталиб ўтсак.

Жумладан, судланувчи Раҳим Болтабоевнинг кўрсатмаси шу қадар чалкаштириб ташланганки, биринчи гапнинг ўзиданоқ шахслар алмашиб кетган: судланувчи айбига қисман иқрор бўлгани билан бошланган гап вергулдан сўнг биринчи шахсга айланиб қолади. Гўёки, судланувчи эмас, ҳукмни ёзаётган одам, яъни судя бошидан ўтганларни гапириб бераётгандек.

Судланувчи Р.Балтабаев суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, Мен 2022 йил баҳор ойларида ухлаган вақтларимда мени кўзига номаълум махлуқлар кўриниб, кўзини бир нималар уриб кетганга ўхшаб, оғирликлар сеза бошлаган. Шу вақтларда кечаси бир туш кўрдим, тушида оқ рангли эшак ўнг қўлини тишлаб ғажиб ташлади. Ушбу тушдан қўрқиб уйғониб кетдим. Уйғонганимда тишлари билан ўзини ўнг қўлини тишлаётган экан”.

Бу ерда 2022 йилнинг баҳор ойларида ким ухлаган вақтларида кўзига махлуқ кўринган? Кечаси билан ким туш кўрган? Оқ рангли эшак кимнинг қўлини ғажиган? Ким ўзининг қўлини ўзи тишлаган? Юқоридаги жумлани такрор ва такрор ўқиб, бу саволларга жавоб топиш қийин. Фақатгина ишнинг умумий мазмунидан келиб чиқиб, бу гаплар судланувчига тегишли эканини хулосалаш мумкин.

Шу вақтларда мени қулоғимга Жин (шайтон)лар темирдан қўрқади деган гапларни эшитдим. 2022 йил баҳор ойларида уйидаги темир болғани қорнига қаттиқ босиб “Бақара” сураси оятларини ўқиганида дуо жуда яхши таъсир қила бошлади. Шу орада божам Ю.Турахўжаевга ўзидаги ўзгаришлар, яъни ўзига-ўзи дам солиб ўзини даволагани, бундан ташқари ўғлини ҳам дам солиб даволади. Божам Ю.Тураходжаев мени гапларимга ишониб ҳайрон бўлиб қолди. 2023 йил май ойининг охирларида божам Ю.Тўрахўжаевни қайнисинглиси Сурайё божамга Камола исмли қизлик қўшнисининг Сарвиноз исмли қизида жинлар (шайтон) лари борлигини, уни бир нечта жойга ўқитиш мақсадида олиб борган вақтда Сарвинозни ичидаги жинлари чиқмасдан кечқурун кўзимга ҳар хил нарсалар, маҳлуқлар, илонлар, итлар кириб, менга тинчлик бермаётганди”.