Россиялик тарихчи Михаил Смолиннинг шов-шувли чиқиши ортидан Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Минҳожиддин Мирзо Ўзбекистон аҳолисини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлар ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқиш таклифи билан чиқди.

«Империяпарастлик талвасаси яна турли кўринишларда намоён бўла бошлади. «Йўқсуллар доҳийси» Ленин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан Россиянинг НТВ каналида уюштирилган ток-шоуда россиялик «тарихчи» Михаил Смолин 1917 йилга қадар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбойжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейингина улар СССР номи билан пайдо бўлган, деган ниҳоятда аҳмоқона сафсатани ўртага ташлади.
Бу бир шахснинг фикрими ёки рус шовинизмининг асл башарасими? Гарчи маданиятсизларча ва калтабинларча бўлса-да, шовинизмнинг асосий башарасини кўрсатувчи ушбу «сиёсий қараш» истибдод кишанларини парчалаб, неча минг йиллик ўз миллий давлатчилигини қайтадан тиклаган эл-у юртларни мана шундай олчоқ ғоялари билан руҳан чўктиришга уринишдир. Акс ҳолда уларга бундай медиа имконият яратиб берилмаган бўларди», – деб ёзган у фейсбук саҳифасида.
У ушбу қўштирноқ ичидаги тарихчи ҳаққоний тарихни жуда яхши билиши, лекин унинг «шовинизм билан эмланган тафаккури» азалдан буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқнинг кимлигини тан олгиси келмаслигини таъкидлайди.
«Боболаримиз неча асрлар мобайнида минтақада аҳил, баҳамжиҳат бўлиб, буюк қадриятлар асосида яшаб келган бўлса, бугун ҳам, таъбир жоиз бўлса, тарих ва ҳаёт гардиши, табиатнинг ўзи бизни – бутун Марказий Осиё халқларини айнан ана шундай дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ҳаёт кечиришга даъват этмоқда. Бу – тарихий воқелик!
Минг афсуски, мана шундай тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган Михаил Смолинга ўхшаганлар бундай қарашлари билан бир бутун халқларни ҳақорат қилмоқда. Бу кечирилмайдиган ва шунчаки «алаҳсираш» деб қараб бўлмайдиган ҳолдир!» – деган у.
Минҳожиддин Мирзо шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг «қўланса ҳиди» анқиётганини таъкидлаган ва шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўз жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётганидан ташвиш билдирган.

















