Ўзбекистон | 09:46 / 31.01.2024
10148
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда “Ташаббусли бюджет”да ютган маҳалла кўчасига сифатсиз асфалт ётқизилди

Мутасаддилар ҳолатни ўрганиб пудратчига сифатсиз бажарилган ишни қайтадан қилиб бериш бўйича ёзма кўрсатма беришган ва ҳолат прокуратура назоратига олинган.

Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бандихон тумани Пахтакор маҳалласида Open budget’да ютган маҳалланинг кўчасида лойнинг устига асфалт ётқизилаётгани айтилган видео тарқалди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, видеода тилга олинган муаммо мутасаддилар иштирокида ўрганилган.

Ўрганиш давомида “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил 2-мавсумида ғолиб бўлган Пахтакор маҳалласи кўчаларини пудратчи “Сурхон Сервис Барака” МЧЖ бажараётгани аниқланган.

Маълум бўлишича, пудратчи 2024 йил 25 январ куни асфалтлаш ишларини амалга ошираётиб, об-ҳаво ноқулай келгани сабабли ишни тўхтатган.

Асфалт қилинган йўлнинг 34 метр қисмида намгарчилик кузатилгани сабабли иш сифатсиз бажарилган. Пудратчига сифатсиз ётқизилган асфалтни қайта амалга ошириш бўйича 29 январ куни ёзма кўрсатма берилган. Ҳолат туман прокуратураси назоратига олинган.

Мавзуга оид