Ўзбекистон | 12:11 / 02.02.2024
5370
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда Жанубий Кореянинг Сонмун университети филиали очилади

Филиалда дастлаб IТ ва сунъий интеллект технологияларига асосланган бешта йўналишда ўқитиш йўлга қўйилади.

Фото: Дунё

Жанубий Кореянинг етакчи университети Сирдарёда ўз филиалини очадиган бўлди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда бўлиб турган Жанубий Кореянинг Сонмун университети президенти Сон Же Мун бошчилигидаги делегация Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев билан музокаралар ўтказган.

Мулоқот давомида 2023 йил декабр ойида вилоят вакилларининг мазкур нуфузли университетга ташрифи ҳамда эришилган дастлабки келишувларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган. Шунингдек, Сон Же Мун Сирдарёда университет филиалини ташкил этиш таклифини билдирган.

Таълим муассасаси филиалида дастлаб IТ ва сунъий интеллект технологияларига асосланган бешта долзарб йўналишда ўқитиш йўлга қўйилади. Филиални саноат тармоқларига тайёр мутахассисларни тайёрловчи таълим кластерига айлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун таълим жараёнлари ишлаб чиқариш билан тўлиқ интеграция қилинади.

Музокаралар якунлари бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Олдинроқ Чирчиқда Жанубий Қозоғистон университетининг филиали ташкил этилиши хабар қилинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид