09:57 / 02.02.2024
3948

Тошкентда автобус ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги сабаб 2 нафар йўловчи жароҳатланди

​​​​​​​Ҳайдовчи йўловчилар транспортга чиқиб улгурмасидан эшикларни ёпиб қўйган. Оқибатда аёл ва унинг қизи тан жароҳати олган. “Тошшаҳартрансхизмат” ҳолат ортидан автобус ҳайдовчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилди.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

Ҳолат 1 феврал санасида Тошкентнинг “Шимолий вокзали”дан “Учувчилар шаҳарчаси”гача ҳаракатланувчи 52 автобус билан содир бўлган. “Тошшаҳартрансхизмат”нинг изоҳ беришича, ҳайдовчининг йўловчи ташиш қоидаларини бузганлиги, ўзига бириктирилган автобусни эҳтиётсизлик билан бошқариб, йўловчилар автобусга чиқиб бўлмасидан эшикларини ёпиши оқибатида 2 нафар йўловчи, аёл ва унинг қизи тан жароҳати олган.

Ўзининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлиги учун АЖ бу автобус ҳайдовчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини маълум қилди.

“Барча ҳайдовчилар билан йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзилларига соғ-омон етказиб қўйиш энг олий мақсадимиз эканлиги, йўловчилар билан хушмуомала бўлиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан яна бир бор тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилди”, – дея қўшимча қилинади расмий хабарда.

“Тошшаҳартрансхизмат”га кўра, юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда АЖнинг қисқа рақамли 1062 ишонч телефони орқали ёки АТТО мобил иловаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан бери 2 маротаба автобуслар билан боғлиқ нохуш ҳолат кузатилди. 6 январ куни Тошкентда Юнусобод туманида автобус ва Матиз иштирокида ЙТҲ юз берганди.

31 январ куни тонгда эса Учтепа туманида Кинг Лонг русумли автобуснинг орқа қисми йўл четига чиқиб кетиб, транспортга зарар етганди. Ўшанда “гармошка” автобус юк машинаси ёрдамида чиқариб олинганди.

Top