2023 йил март ойида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиб, 227 прим 1-моддаси қўшилган эди. Унга кўра, тадбиркор маркировка қоидаларини бузса, махсус ҳисоблаш дастурларини солиқ органи базасига интеграция қилмаса, бир чоракдаги (3 ой) соф тушум миқдорида жаримага тортилади. Бу жариманинг юқорилиги тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келяпти.
Kun.uz солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновдан олган маълумотга кўра, куни кеча Тошкент шаҳар маъмурий суди 227-1-модда бўйича тадбиркор фойдасига ҳал қилув қарорини чиқарган.
“Бу кейсда Солиқ кодексининг 227-1 моддаси бўйича тадбиркорга 100 млн сўм жарима қўлланган эди. Бизнинг ҳолатимизда корхона R_keeper дастуридан фойдаланган, лекин харидорга чек бермаган. Шу сабабдан 5 млн сўм жарима ва 227-1-модда бўйича R_keeper дастури интеграция қилинмаган деган масала билан ўтган чоракдаги 3 ойлик тушуми миқдорида жарима қўлланган, бу жарима жами 100 млн сўмни ташкил қилади. Биз судда солиқ органи томонидан 227-1-модда нотўғри талқин қилинаётганини кўрсатиб бердик”, – дейди солиқ маслаҳатчиси.
Cолиқ органининг позициясига кўра, бу ҳолатда тадбиркор фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибни бузган.
“Бундай ҳолатлар, асосан, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар билан кузатиляпти. Улар, асосан ўзининг фаолиятида R_keeper, Jovi, Arka деган программалардан фойдаланади. Шу программаларни тадбиркор солиқ органларига интеграция қилиши керак эди, лекин қилмаган деб жарима қўллашяпти”, – дейди Мурод Муҳаммаджонов.
Мутахассиснинг айтишича, солиқ органлари 277-1-моддани нотўғри талқин қилаётгани судда қуйидаги ҳуқуқий асослар билан исботлаб берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2019 йилдаги 943-сонли қарори билан тасдиқланган “Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 4-банди, иккинчи хатбошига кўра, чакана савдо ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилаётган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситаларининг (ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлари) мажбурий равишда солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши ва давлат реестрига киритиши лозим экани кўрсатиб ўтилган.
















