ҒАЗОДАГИ ВАЗИЯТ

Ғазодаги Исроил агрессияси қурбонлари сони 27 минг 708 нафарга етган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ярадорлар сони 67 минг кишидан ошган.

БМТ Болалар фонди — UNICEF маълумотларига кўра, Исроил Ғазо секторига авиазарбаларни бера бошлаганидан буён 17 минг бола етим қолган. 7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилган 27 минг фаластинликлардан 40 фоизи ёш болалардир.

«Ҳалокатли гуманитар вазият давом этаётган оммавий қирғинлар, танлаб ўтирмасдан бомбардимон қилиш, жойдаги қотилликлар туфайли тобора оғирлашмоқда», — деган ҲАМАС етакчиси Усома Ҳамдан.

Усома Ҳамдан Исроил очган уруш халқаро ҳамжамиятнинг ожизлиги ва икки томонлама стандарт бўйича иш кўринишини кўрсатиб қўйган. Унга кўра, Ғазо секторида агрессиясини тўхтатиш ва Фаластин халқининг ҳуқуқларини тан олиш — минтақадаги барқарорликнинг ягона шарти.

Исроил ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг 31 нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади. Гаровда яна 80 нафар исроиллик қолгани тахмин қилинмоқда, деган ЦАҲАЛ спикери Даниэл Ҳагари.

The New York Times нашри Исроил разведкасига таяниб, гаровга олинган 32 нафар исроилликнинг ўлими ҳақида ёзган эди. Уларнинг 30 нафари 7 октябрда бошланган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги уруш пайтида, 2 нафари эса 2014 йилда, аввалги можаро пайтида ҳалок бўлган ва шундан бери уларнинг жасади Ғазо секторида сақланмоқда. 

БАРБОД БЎЛГАН КЕЛИШУВ

ҲАМАС Исроил билан 135 кунлик ярашув режасини таклиф қилган эди. Аммо бу сулҳ келишуви амалга ошмайдиганга ўхшаяпти.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича 45 кунлик уч босқичли режа тайёрланган. Назарда тутилишича, бу вақт ичида гаровда ушлаб турилганларнинг барчаси озод қилинади, Исроил ўз қўшинларини сектордан олиб чиқади, ҳалок бўлганларнинг жасадлари алмашилади.

Шундан сўнг Ғазо секторини қайта тиклаш бошланади ва ниҳоят, урушни тугатиш бўйича келишувга эришилади.

Исроил ҲАМАС томонидан таклиф этилган ўт очишни тўхтатиш режасига «ҳеч қачон рози бўлмайди», — деб хабар бермоқда NBC Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига яқин манбаларига асосланиб.

Бу орада Исроил армияси Миср ва Ғазо сектори чегарасидаги Рафаҳ шаҳридаги жангларга тайёргарлик кўриш топшириғини олган. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу таъкидлаган.