Ўзбекистон | 13:15 / 10.02.2024
12161
2 дақиқада ўқилади

Боғча ва мактаблар қуриш бўйича буюртмачи компания ташкил этилди

Президент қарори билан, Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси ташкил этилмоқда. Компания ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастури доирасидаги боғча ва мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради.

Фото: Kun.uz

“Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳаси объектларини барпо этишда буюртмачи хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ-65, 08.02.2024) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси ташкил этилади.

2024–2026 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида компания мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради.

Унга объектлар учун марказлашган ҳолда асосий қурилиш материаллари, жиҳозлар ва конструкцияларни (қурилиш жараёни билан боғлиқ бўлмаган мебел жиҳозлари ва асбоб-ускуналар бундан мустасно) харид қилиш ҳуқуқи берилади.

Компания объектларнинг сифатини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида ҳудудлар кесимида ҳар бешта объектга камида битта техник назорат ходимини бириктиради.

Компанияга маҳаллий ва хорижий бошқарувчи, маслаҳатчиларни (PMC – Project Management Consultancy) тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифлар орасидан танлаб олиш ва тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

  • Аввалроқ Зангиотадаги боғча 1 йилда тўкилиб тушган, Асакада қурилаётган янги мактаб деворлари қурилиш битмасидан туриб ёрилган, Самарқандда мактаб девори ўқувчининг устига қулаган эди.

Мавзуга оид