Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун имзоланди
Қонун билан давлат мулкини хусусийлаштириш тартиби ва усуллари белгиланмоқда. У уч ойдан сўнг кучга киради.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил 14 феврал куни “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Қонунга кўра, давлат кўчмас мулк объектлари, давлат улушлари (акциялари, улушлари), давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари давлат мулки объектлари сифатида хусусийлаштирилиши мумкин.
Давлат мулкини хусусийлаштириш қуйидаги усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:
- аукцион;
- танлов савдолари;
- музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш;
- рақобатга асосланган мулоқот;
- биржа савдолари;
- давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини мулкий мажмуа тарзида хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
- давлат улушларини ва давлат кўчмас мулк объектларини хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
- давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан ижарага бериш.
Давлат мулки тўлиқ ёки қисман хусусийлаштирилиши мумкин. Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки бундан мустасно.
Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Хусусийлаштириладиган давлат мулкининг бошланғич нархи ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади.
Қонунга кўра, хусусийлаштириладиган давлат мулки бўйича:
- давлат кўчмас мулк объектининг олди-сотди шартномаси ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари, харидор ҳамда балансда сақловчи иштирокида, шу жумладан электрон шаклда тузилади;
давлат муассасаларининг, давлат унитар корхоналарининг, хўжалик жамиятларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушининг олди-сотди шартномаси ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари ва харидор ўртасида, шу жумладан электрон шаклда тузилади.
Шунингдек, хусусийлаштириладиган давлат мулкининг олди-сотди шартномаси бўйича барча мажбуриятлар бажарилганидан кейин, 5 иш куни ичида харидорга давлат хизматлари марказлари орқали ёки ЯИДХП (my.gov.uz) воситасида QR-код қўйилган ҳолда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилади.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Мавзуга оид
09:59
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
19:11 / 04.10.2024