Meduza нашри бу борадаги энг асосий саволларга жавоб излади.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондонини алмаштирди. Ўзи билан узоқ можарога эга бўлган Валерий Залужний ўрнига қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Олександр Сирский тайинланди.

Бундай алмаштиришни Зеленский командаси армияни тезкор қайта тузиш зарурати билан асослаган. Лекин бу ҳолатда қуролли кучларни ислоҳ қилиш ва уруш олиб бориш борасида Залужний ва Сирский ўртасидаги фарқ тушунарсиз: ҳар иккиси сўнгги йилдаги кам сонли чиқишларида деярли бир хил гапларни айтишган. Уларни фарқловчи ягона нарса (Зеленскийга кўра) сиёсий ҳокимиятга муносабати: Залужний «ҳаммасини ўзича қилган», Сирский эса — садоқатли ва буйруқларни ижро қиладиган қўмондон.

Бироқ уларнинг қўшинлардаги (эҳтимол, жамиятдаги) нуфузи тамомила қарама-қарши. Залужнийга «барча яхшиликлар» ёпиштирилади: тактик эгилувчанлик, аскарлар ҳаёти ва фаровонлиги ҳақида қайғуриш, йўқотишларни минималлаштириш, сиёсий эмас, ҳарбий афзалликни танлаш. Сирскийнинг чекига эса (адолатли эканлиги факт эмас, албатта) тарихан «барча ёмон нарсалар» тушган: 2015 йилдан буён кўпчилик уни сиёсий раҳбарият буйруқларини сўзсиз бажарувчи «қассоб» деб атайди.

«Яхши»ни «ёмон»га тўғридан тўғри алмаштириш Зеленский учун сиёсий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Боз устига, Сирскийнинг қариндошлари Россияда яшайди ва Россия пропагандаси бу фактдан ўзи истаганича фойдаланмоқда.

Залужний ва Сирский урушнинг дастлабки икки йилида қандай муваффақият ва хатоларга дучор бўлишди?

Валерий Залужний Россияга қарши кенг кўламли урушда Украина армияси муваффақияти рамзига айланди. У урушнинг илк кунлариданоқ Украина ҚКга раҳбарлик қилди, унинг қўл остида «мўъжиза» рўй берди: 2022 йилда армия нафақат пароканда бўлишдан сақлаб қолинди, ҳужумдан сўнг эгаллаб олинган катта ерларни ҳам қайтариб ололди.

Бироқ унинг раҳбарлиги остида Украина ҚК мамлакат жанубини қўлдан бой берди — урушнинг биринчи кунларида у ердаги қаршилик синдирилди, қўшин жанговарликдан мосуво бўлди, бир қисми эса Мариуполда қамалга тушиб қолди. Украина прокуратураси бу эпизод устидан суриштирув олиб бормоқда, бироқ (қўшинлар тайёргарлиги ва ҳаракати учун масъул бўлган) Залужнийга қарши ҳалигача айблов илгари сурилмаган.

Олександр Сирский эса йўналишлар қўмондони сифатида урушнинг дастлабки йилида икки муваффақиятли операция — Киев мудофааси ва Харкив атрофидаги қарши ҳужумда қўшинларни бошқарган. Бу ерда у «мутаассиб совет генералитети»га қарши илгари сурилаётган айбловларга терс сифатларини намоён қилган.