15 феврал куни қамоқхонада вафот этган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг турмуш ўртоғи Юлия Навалная эрининг ишини давом эттиришини айтиб, таъсирли видеомурожаат йўллади.
Салом, мен Юлия Навалная. Бугун бу канал орқали илк марта сизга мурожаат қилмоқчиман. Аслида бу ерда бўлмаслигим, бу видеони ёзмаслигим керак эди. Ўрнимда бошқа инсон бўлиши керак эди, аммо уни Владимир Путин ўлдирди. Уч кун аввал Владимир Путин эрим Алексей Навалнийни ўлдирди. У нафақат болаларимнинг отасини, ҳаётимдаги энг қадрдон инсонимни ўлдирди, балки сиздан ҳам Навалнийни тортиб олди.
Путин узоқ шимолдаги колонияда шунчаки оддий инсон Алексей Навалнийни ўлдирмади, бу орқали бизнинг умидларимиз, эркинлигимиз ва келажагимизни ўлдиришга уринди. Йўқ қилишга уринишлари Россия бошқача бўла олиши, биз кучли эканимиз, кураша олишимиз, бошқача яшай олиш имкони борлигидан далолатдир.
Шунча йил давомида мен Алексейнинг ёнида турдим: сайловлар, митинглар, уй қамоқлари, тинтувлар, қўлга олишлар, қамоқ, заҳарлаш, яна митинг, қўлга олиш ва яна қамоқ... Мана бу бизнинг энг охирги учрашувимиз, 2022 йил феврал ўрталари. Икки йил ўтиб Путин уни ўлдирди.
Алексейнинг ёнида туриш бахт эди. Аммо бугун сизнинг ёнингизда бўлишни истайман, чунки сизнинг йўқотишингиз ҳам меникидан кам эмаслигига аминман. Алексей колонияда уч йиллик қийноқлар оқибатида ўлди. У бошқалар каби шунчаки ўтиргани йўқ. Уни қийнашди, карцерда ушлашди, бетонли қутига қамашди. Шунчаки тасаввур қилинг: 6-7 квадрат жойда табуретка, раковина, полдаги ҳожатхона ўрнидаги тешик ва ётиш имконсиз бўлиши учун деворга ёпиштирилган каравот, кружка, китоб ва тиш чўткасидан бошқа ҳеч нарса йўқ. У юзлаб кунларни шундай шароитда ўтказди.
Уни масхара қилишди, дунёдан узиб қўйишди, ҳатто фарзандларига хат ёзиши учун қоғоз-қалам ҳам беришмади. Уни очлик билан эзишди. Уч йил очликда. Аммо у таслим бўлмади. Қайтанга ўша ерда туриб ҳам бизни қўллаб-қувватлади, ҳазиллашди, руҳлантирди, курашди. Биз лаҳза ҳам нима учун курашаётгани, нега азоб чекаётганини унутмади. Эримни синдириб бўлмасди, шунинг учун Путин уни ўлдирди. Қўрқоқларча, ҳатто бир марта кўзига тик қарай олмай, ҳатто исмини тилга ололмай. Ва яна шундай қўрқоқлик билан ҳозир унинг жасадини яширишмоқда. Путиннинг навбатдаги «Новичок» излари танасидан чиқиб кетишини кутишмоқда.
Путин Алексейни нега ўлдирганини биламиз, бу ҳақда тез орада айтамиз. Ва бу жиноятни ким амалга оширганини ҳам албатта аниқлаймиз. Уларнинг исмини айтиб, суратини ҳам кўрсатамиз.
Аммо Алексей учун қилишимиз керак бўлган энг асосий иш курашдан тўхтамасликдир. Аввалгидан ҳам қаттиқроқ ва кучлироқ курашиш. Бир қарашда ортиқ курашиб бўлмайдигандек кўриниши мумкин, лекин биз бирлашиб, бир мушт бўлиб, Путинга, унинг дўстларига, погонли бандитлар, ўғрилар ва қотилларга зарба беришимиз керак.
















